Қозоғистон полициячилари таёқчасиз қолди

Article

2017 йилнинг 1 январидан эътиборан Қозоғистонда полиция таёқчаларидан фойдаланиш таъқиқланади. Ҳайдовчиларга ишоралар қўл орқали ёки овозли ва нурли сигналлар орқали берилади. Бу ҳақда NUR.KZга мамлакат ИИВ давлат тили ва маълумотлар департаменти директори Алмас Садубаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги ташкилотларининг халқаро тажрибасини ўрганиб чиққан ҳолда бу қарорга келинган. Чунки Европанинг бир қатор давлатларида таёқчалар муомаладан чиқариб бўлинган.

Йўл қоидадалари бузилишини қайд этиш эса видеокамера ва видеорегистраторлар ёрдамида амалга оширилади.

"Транспорт воситасини тўхтатиш унга қарата қўл ҳаракати ва бир вақтнинг ўзида хуштак ёки овоз бериш мосламаси ёрдамида, патрул автоуловига ўрнатилган махсус рангли сигналлар билан амалга оширилади", - дейди Алмас Садубаев.

Қўл ҳаракати орқали бериладиган сигналлар йўл ҳаракатининг барча иштирокчиларига тушунарли бўлиши кўзда тутилмоқда. Чунки бу янгилик авария ҳолатларини келтириб чиқармаслиги лозим.

Биз Twitterда