Осиё Журналистлари Ассоциацияси раҳбари Ли Санг-Ки – 62 ёшда!

 
Бугун, 4 январь куни кореялик таниқли журналист, Осиё Журналистлари Ассоциацияси асосчиси ҳамда раҳбари Ли Санг-Ки 62 ёшга тўлди.
1986 йилда Хангук хорижий тиллар университетини тамомлаган Ли Санг-Ки, кейинчалик Сеул миллий университетида Ғарб тарихи йўналишида таҳсил олади. Меҳнат фаолиятини “The Hankyoreh” газетасида бошлаб, Корея журналистлари уюшмаси раислигигача бўлган йўлни босиб ўтади. Кейинчалик Корея матбуот этикаси комитети директори лавозимида фаолият олиб боради.
Ли Санг-Ки 2004 йилда ASEAN ҳамда Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари журналистларини бирлаштирган Осиё Журналистлари Ассоциациясига (AJA) асос солади ҳамда унинг Президентига айланади. 2011 йилдан Ассоциациянинг The AsiaN онлайн ахборот платформасини ҳамда 2013 йилдан бошлаб Magazine N журналини ташкил қилади.
Марказий офиси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган, бугунги кунда қитъанинг 50 дан ортиқ мамлакатларининг 150 дан зиёд энг таниқли халқаро журналистлари, давлатлар матбуот стратегияларини белгиловчи таҳлилчи-экспертларни ўз атрофида бирлаштирган Осиё Журналистлари Ассоциацияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни 2018 йилда сиёсат соҳасида "Осиёда йил одами" деб топганида яхши танилганди. Magazine N журналининг 2019 йил январь сони эса Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижаларига бағишланганди.
 
 
Ли Санг-Ки муаллифлигидаги Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев давридаги сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий ютуқлари ҳақидаги таҳлилий мақолалар кўп бор Корея марказий нашрларида эълон қилинган.
Ўзбекистон матбуоти ҳамда Vodiymedia.uz ўқувчилари номидан Ли Санг-Ки’ни таваллуд айёми билан муборакбод этган ҳолда, Ўзбекистон-Корея муносабатлари ривожи учун олиб бораётган ишларида омад тилаб қоламиз.

Биз Twitterда