Юрган дарё, ўтирган бўйра... Янгиқўрғонлик тадбиркорнинг Италия сафари таассуротлари

Наманганлик тадбиркорлар делегацияси Zanotti компаниясининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технологиялари билан танишиш мақсадида Италияда бўлиб қайтди. Улар сафида Янгиқўрғон туманидаги “Арафа” МЧЖ раҳбари Муҳаммадюсуф Собиржанов ҳам бор эди.
— Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар сафини кенгайтиришга бўлган эътиборни чет элда бўлган илк дақиқалардаёқ сездик. 
Бир ҳафта давом этган ташриф мобайнида Италия — Ўзбекистон Савдо палатаси президенти Луиджи Иперти, Zanotti компанияси президенти Вальтер Маиоччи, Италия ишлаб чиқарувчилар ва хусусий корхоналар конфедерацияси масъул ходими Вальтер Замполини билан мулоқотда бўлдик.
Zanotti компаниясининг асосий ишлаб чиқариш заводи ва офислари жойлашган Пегоньяга шаҳрида совутиш ускуналарини ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдик. Компания вакилларидан тажриба ўргандик.
Музокаралар якунида делегациямиз ва Zanotti компанияси ўртасида умумий қиймати 2,67 миллион еврога тенг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш совутгичларини етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича 5 та келишув баённомаси имзоланди.
Энг асосийси, Наманган корхоналарнинг Италияда ўтказиладиган ҳамда Италия корхоналарининг Наманганда ташкил этиладиган кўргазма ва бизнес-форумларда иштирок этишлари, технологиялар етказиб беришга кўмаклашишга қаратилган ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.
Энди италиялик ҳамкорлар билан Тошкентда ўтказиладиган халқаро кўргазмада яна бир бор учрашиб, келишув баённомаларида кўрсатиб ўтилган шартларни муҳокама этишни режалаштирганмиз.
 
 
“Юрган дарё, ўтирган бўйра” деб бежиз айтишмаган экан. Италияда бўлган пайтимиз нафақат ушбу мамлакатнинг бизнес бобидаги салоҳияти, балки қадимий ва бой тарихи билан ҳам танишдик. Жумладан, Рим, Ватикан, Болонья, Венеция, Флоренция каби олдинлари фақат ойнаи жаҳон ёки газеталар орқали таниш машҳур шаҳарларда бўлиш, дунё таниган обидалар, осори-атиқларни кўриш насиб этди.
 
 
 
 
 
 Муҳаммадюсуф Собиржанов,
Хотам Мамадалиев олган суратлар

Биз Twitterда