Иқтидор сарҳад билмас. Мингбулоқлик қизалоқ Озарбайжонда Халқаро танловда қатнашади!  

Article
Мингбулоқ туманидаги 2-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Юлдуз Йўлдошалиева Озарбайжонда ўтказиладиган "Ёш мусиқачилар" 6-Халқаро танловида қатнашади.
11 ёшли бу қизча айни пайтда 13-мактабнинг 5-синфида таҳсил олмоқда. Аълочи ва жамоатчи. Скрипка - уч йилдирки жону дили. Устози Ҳабибулло Сарибоевдан чолғу сирларини қунт билан ўрганмоқда. Шу боис Бом, Караев, Бах, Зейц сингари жаҳонга машҳур бастакорлар асарларини юксак маҳорат билан ижро этмоқда бугун.
Турли ижодий танловларда муваффақиятли қатнашиб келаётган Юлдуз "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёти фестивалида, Мухтор Ашрафий номидаги республика кўрик-танловида ҳам совриндор бўлган.
Мусиқа ва санъат мактаби директори Тоҳиржон Исмоиловнинг таъкидлашича, Юлдуз такрорланмас иқтидор эгаси.  Унинг тенгдоши Дилшодбек Сотволдиев май ойида ўтказиладиган Муҳиддин Қорёқубов номидаги республика кўрик-танловида давра чолғуси йўналиши бўйича қатнашади. 
Озарбайжонда шу ой охирида ўтказиладиган халқаро танловда Наманган вилоятидан Юлдузхон сингари 6 нафар умидли ёш санъаткор қатнашади. Уларга оқ йўл ва омадлар тилаймиз.

Садоқат ХАТАМОВА

Биз Twitterда