ИШИД ўз мағлубиятини тан олди. Бағдодий Мосулдан қочиб кетди

ИШИД ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган материаллар, Интернет орқали тарқатилаётган хабарларни таҳлил қилар эканмиз, ёвузлик, жосуслик, ўзгалар мулкига кўз олайтириш, Ҳукуматга қарши кураш сингари манфур мақсадлар яхшиликка олиб бормаслигига амин бўламиз. Кимки бегуноҳ бандага разиллик қилса, охири вой бўлиши эса азалдан маълум.
НАТОнинг дрони Аф­ғонистон шарқидаги Нангархор вилоятида ИШИД жангарилари объектларига зарбалар берди. Бунинг оқибатида 17 жангари йўқ қилинди, деб маълум қилди вилоят маъмурияти матбуот котиби Атауллоҳ Ҳўгёний "Анадолу" ахборот агентлигига.
 
 
Унинг айтишича, авиазарбалар террорчиларнинг Ачин уездидаги объектларига берилган.
Барча йўқ қилинган жангарилар хорижий жангарилар бўлган. Ҳужум вақтида маҳаллий аҳоли жабр кўрмаган.
Яна бир хабарда таъкидланишича, ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Суриянинг Пальмира шаҳрига ҳужумга бор эътиборни қаратишди. Бу ҳолат улар томонидан Раккадаги ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланмаслигига бўлган ишонч билан боғлиқ, деб маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков.
"АҚШ ва халқаро коалициянинг Ракка туманидаги фаол ҳарбий ҳаракатлари баҳорга қадар тўхтаб қолганини инобатга олиб, ИШИД Пальмирага бўлган ҳужумга катта кучини ташлади. Тахминан тўрт минг террорчи техника билан", - дея айтиб ўтди у.
Қўшимча қилинишича, ИШИД жангарилари сўнгги бир сутка давомида Пальмирадаги Сурия қўшинлари позицияларига бир неча бора ҳужум уюштириб кўришган.
"Шаҳарга террорчиларнинг ҳужуми уч йўналиш бўйича амалга оширилмоқда: шимол, шарқ ва жанубдан. Ҳаммаси бўлиб беш мингдан ортиқ жангари бунда қатнашмоқда.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Пальмира ёнида ўтган пайшанбага қадар бундай миқдордаги террорчилар гуруҳи бўлмаган. Афтидан ИШИД Раккадаги ҳарбий ҳаракатлар тикланмаслигига ишонч ҳосил қилган", - дея айтиб ўтган у.
Бундай ноҳуш ахборотларнинг чеки йўқ. Навбатдаги хабарга кўра, Суриянинг Алеппо шаҳри ташқарисидаги Ал-Жина қишлоғида жойлашган масжидга номаълум ҳарбий самолётлар авиазарба бериши натижасида камида 42 киши ҳалок бўлди ва яна бир неча ўн киши яраланди. Бу ҳақда Reuters Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия обсерваториясига таяниб хабар берди, деб ёзади "Корреспондент.net".
Авиаҳужум маҳаллий аҳоли намоз учун масжидга тўпланган вақтда содир этилган.
Reuters таъкидлашича, Ал-Жина Алепподан ғарбда, Башар Асаднинг ҳукумат кучларига қарши курашаётган исёнчилар назорати остидаги ҳудудда жойлашган. Ушбу ҳудудда Америка самолётлари ҳам, Сурия ва Россия самолётлари ҳам авиазарбалар берган.
Сўнгги хабарларда қайд этилишича, ИШИД террористик гуруҳининг сардори Абу Бакр ал-Бағдодий ўз тарафдорларига мағлубиятини тан олиб, мурожаат этган. Сўнгги кунларда расмий Ироқ ҳарбийларининг назоратига ўтган Ниневия осмони узра қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган эди.
 Тўқнашувларда мағлубиятни тан олган ал-Бағдодий Мосул шаҳридан ҳам қочиб кетган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Ироқ ва Суриядаги муаммолар юзасидан Россия, Туркия ва Эрон қўшма ҳарбий кучни шакллантирган. Ўтган ой Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида келгуси ҳаракатлар режасини тузиб олишган. Европанинг Женева шаҳрида эса тўртинчи марта инқироз ечимлари кўриб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.
Энди буёғи қандай якун топади? Буни давр кўрсатади.
Мавлуда МАҲКАМОВА

Биз Twitterда