Имомали Раҳмон ўғлини Душанбега ҳоким этиб тайинлади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон катта ўғли  Рустам Имомалини мамлакат пойтахти Душанбенинг ҳокими этиб тайинлади. Президент бу ҳақдаги қарорни пайшанба куни имзолади, дея ёзмоқда Asia-Plus ахборот агентлиги.
 Душанбенинг 19 йилдан бери бошқариб келаётган 64 ёшли Маҳмадсаид Убайдуллаев истеъфога чиқарилган. Шунингдек, у билан бирга  барча муовинлари ва пойтахт туманлари раҳбарлари ҳам ишдан олинган.
 Янги лавозими Рустам Имомалига тўғридан-тўғри бўлмаса-да, Тожикистон парламенти Олий палатаси раислигига йўл очади. Тожикистон парламенти Олий палатаси раиси эса, давлат бошқарув тизимида президентдан кейин иккинчи муҳим шахс саналади. Ҳозирга қадар бу лавозимни ишдан кетган Маҳмадсаид Убайдуллаев эгаллаб келган.
Бугунги кунга қадар  29 ёшли Рустам Имомали Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.  
Тожикистон президентининг тўнғич ўғли 2009 йилда Республика Ёшлар қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.
Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати қошидаги Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимини ҳам эгаллаган.
Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, Ёшлар Иттифоқи Тожикистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат ташкилоти саналади.
Рустам Имомали, бундан ташқари, Тожикистон Футбол Федерацияси президенти ва мамлакатдаги етакчи футбол жамоаларидан бири бўлган - "Истиқлол"нинг асосчиси ва ҳамсоҳибларидан бири бўлади.
Тожикистон президентининг тўнғич ўғли яна МДҲ ҳудудидаги энг ёш генерал ҳам ҳисобланади.
Рустам Имомали Тожикистон Давлат Университетида "Халқаро иқтисодий алоқалар" соҳаси бўйича таҳсил олган.
Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатия академиясининг тингловчиси ҳам бўлган.
Оилали ва уч фарзанднинг отаси.
Жума куни Рустам Имомалининг пойтахт фаоллари билан билан учрашуви Тожикистоннинг барча телеканалларидан олиб кўрсатилди. Режалари билан ўртоқлашган янги ҳоким қонун устуворлигини таъминлашга, йўлларни жаҳон стандартларига мос равишда таъмирлашга, жамоат транспортини тартибга солишга, шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви, электр энергияси ва иссиқлик борасидаги эҳтиёжларини тўла қондиришга ваъда қилди. Шунингдек, у янги мактаб ва боғчалар қуришга,пойхтахтда таълим савиясини оширишга, янги иш ўринлари яратишга сўз берди.  
Ўз нутқида Рустам Имомали шаҳарнинг бугунги инфраструктураси бундан 50 йил бурун барпо этилгани ва замон талабларига жавоб бермаслигини эслатиб ўтди. «Шаҳар 400 минг кишига мўлжалланган, ҳозир эса пойтахт аҳолиси 1 миллиондан ошади», - қўшимча қилди ҳоким.

Биз Twitterда