Икки кунда тўрт фалокат ва 55 қурбон

Article
27 ва 28 январь кунлари жаҳоннинг турли бурчакларида тўртта йирик автоҳалокат содир бўлиб, жами 55 киши ҳаётдан кўз юмди. Юздан ошиқ киши турли даражада жароҳат олди.
Фожеанинг энг каттаси Мадагаскарда юз берди. Мамлакат пойтахти Антананаривудан 90 километр узоқликда жойлашган Анжозороб шаҳрида келин-куёв ва уларнинг дўстларини олиб кетаётган юк машинаси кўприкдан Мананара дарёсига тушиб кетди. Натижада 45 киши ҳалок бўлди. 24 киши жароҳатланди. Қурбон бўлганлар орасида келин-куёв ҳам бор.
Мексика пойтахти яқинидаги Экателек шаҳрида автобуснинг кўприкдан қулаб кетиши натижасида эса уч киши қурбон бўлди, камида 25 кишига зиён етди. Жарликка тўппа-тўғри усти билан тушган автобусдан одамларни халос этиш учун қутқарувчиларга махсус техника керак бўлди.
27 январь куни Россиянинг Пермь ўлкасида содир бўлган  йўл-транспорт ҳодисаси натижасида беш киши вафот этди. Тўрт киши шифохонага жойлаштирилди.
Исроилдаги ҳалокат натижасида эса Иерусалимдан Ариэлга қараб ҳаракатланаётган автобус Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида 70 метр тубанликдаги жарликка қулаб тушди. Иккита қурбон ва еттита жабрдийда бор. 

Биз Twitterда