FETÖ ҳамда ИШИД ўртасида фарқ йўқ!


 
2016 йил 15 июлда Туркияда бўлиб ўтган муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уринишдан бир йил ўтиб, шу кунларда Туркияда миллатнинг бу хоинлик ва террорчилик ҳаракатига қарши мардона тургани, ўз давлатини ҳамда ўзи сайлаган ҳукуматини жасорат билан ҳимоя қилгани ёдга олинмоқда.
Ёдингизда бўлса, айнан бир йил аввал Фетуллаҳ Гюлен раҳнамолигида FETÖ террор ташкилоти томонидан Туркияда мавжуд ҳукуматни ағдаришга уриниш содир этилганди. АҚШ махсус хизматлари пинжида бўлган Гюлен ўз мамлакатида бу хоинона уриниш билан давлатни ўз пешволари ихтиёрига ўтказиб бериши режаси халқнинг кучли иродаси сабабли амалга ошмай қолганди.
13 июль куни Туркия матбуот ва ахборот бош мудирлигида 100 га яқин хорижий ҳамда қатор маҳаллий журналистлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда нутқ сўзлаган Туркия Оила ва ижтимоий сиёсатлар вазири Фатма Бетул Сайан Кая бу масалани яна бир бор йиғилганларга эслатиб ўтаркан, “FETÖ ҳамда ИШИД ўртасида фарқ йўқ, иккиси ҳам маъсум инсонларнинг умрига зомин бўлган террор ҳаракатларидир. Буларни турлича баҳолаб бўлмайди. Бугун FETÖни террорчи эмас деяётган АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи ўз қарашларини тузатишлари керак” деб таъкидлади.
“15 июль воқеаларини ҳис қила олиш учун бешикдаги боласини онасига ташлаб, қайтмасам мендан рози бўлинг, деб Ватанини, миллатини ҳимоя қилишга тунда кўчага отланган аёлнинг ҳисларини идрок этиб кўриш керак” деб сўзини давом эттирган вазир, “террорга қарши курашда иккили стандартлар бўлмаслиги керак. Дунёнинг бошқа ўлкасида бир террористик ҳужум бўлса, дарров фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Туркияда давлат тўнтаришига уринишдек пасткаш террор акти содир бўлиб, юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлган, болалар етим қолган ҳолатда бизнинг мамлакатимизда фавқулодда ҳолат мавжудлиги танқидга сабаб бўлмоқда,” дея дунё ҳамжамиятидан адолатли ёндашув истади.
 
 
Йиғилганлар Туркия матбуот ва ахборот бош мудирлиги биносида ташкил этилган 15 июль воқеаларига бағишланган фотокўргазма орқали содир бўлган хунрезликлар ҳамда миллатнинг бунга қарши матонати билан танишдилар.
Дилмурод Жумабоев,
Ҳотамжон Мамадалиев (фото),
Анқара, Туркия

Биз Twitterда