Бугун Германияда янги президент сайланади

Германияда Туркманистондан фарқли ўлароқ сайловлар умумхалқ кўринишини олмайди. Чунки немислар ўз раҳбарларини Федерал йиғин орқали сайлашади. Бу орган тўрт йилда бир бор атайин президентни аниқлаш учун чақирилади. Йиғиндан 1260 делегат ўрин олиб, уларнинг ярмини Бундестаг депутатлари, қолганини федерал ерлар парламентлари томонидан юборилган махсус вакиллар ташкил этади.
Йиғин аъзолари сиёсий партиялар номзодлари орасидан президентни танлашади.
18 мартда ваколатини топширадиган президент Йоахим Гаук ўрнини собиқ ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер эгаллаши деярли аниқ. Кўпчиликни уни қанча овоз тўплаши қизиқтирмоқда холос.
Федерал йиғин мажлиси якунида сайланган президент, анъанага кўра маърузаси билан чиқиш қилади. Қасамёд маросими эса март ойида ўтказилади.
Германия социал-демократлар партияси (ГСДП) номзоди бўлмиш 61 ёшли Штайнмайерни амалдаги ҳукмрон коалиция - Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социаллар иттифоқи блоки ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Штайнмайердан ташқари яна тўрт номзод бор. Сўллар партияси партиясиз сиёсатчи ва социолог Кристоф Буттервегге номзодини олға сурмоқда. Узоқ вақт ГСДП аъзоси бўлган 66 ёшли Буттервегге партиянинг олиб бораётган сиёсатидан норози бўлиб, унинг сафини 2005 йилда тарк этганди.
"Германия учун Альтернатива" партияси 75 ёшли Альбрехт Глазер, “Эркин сайловчилар” сиёсий бирлашмаси эса 54 ёшли ҳуқуқшунос Александер Хольдни номзод сифатида кўрсатган.
Президент сайлови юморларсиз ўтмайдиган кўринади. Германиялик таниқли қизиқчи Мартин Зоннеборн (Die Partei – Партия сатирик партияси раҳбари) Қароқчилар партияси ёрдамида ўз отаси – 78 ёшли Энгельберт Зоннеборн номзодини илгари сурмоқда.
Унинг сўзларига кўра, номзод "президентлик учун муносиб ёшда ", сайланган тақдирда "ихчамгина ёзги байрамлар ташкил этиш ва ўзи истаган мамлакатларга ташриф уюштириш имкониятига эга бўлади", ахир "отаси саёҳат қилишни жуда яхши кўради-да!", деб ёзади ТАСС.

Биз Twitterда