Барча даврларнинг энг қудратли армиялари...

Американинг The National Interest журнали дунёнинг бугунга қадар мавжуд бўлган энг қудратли армиялари рейтингини тузди.
Замонавий дунёда авиация ва флот орқали қўллаб-қувватланадиган қуруқлик қўшинлари қуролли кучлар асосини ташкил этади. Буни барча билади. Лекин ўтмиш замонлар армиясини қандай баҳолаш мумкин? Бунга рейтинг муаллифлари уларнинг ҳал қилувчи ғалабалари, давлатларининг бошқа мамлакатлар устидан ҳукмронлик мавқеи каби омилларни асос қилган ҳолда жавоб топдилар.
 
Рим армияси
Уч юз йил ичида Рим кичик бир давлат мақомидан Ўрта Евр денгизи хўжайинига айланди ва унинг атрофидаги давлатларни босиб олди. Рим легионлари профессионал аскарлардан иборат бўлиб, уларнинг хизмат муддати 25 йилни ташкил этган. Жангчилар яхши таълим олишган, темир қурол ва қалқонлар билан таъминланган.
Легионерлар бор куч ва ғайрат билан курашишлари учун рағбат етарли бўлган. Камбағал аскарлар ғалабадан сўнг ерга эга бўлишган, бойроқ аскарлар эса турли қимматбаҳо жавоҳирлар олишган.
Легионлар стратегик жиҳатдан муҳим районларга жойлаштирилган. Улар давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар хавфсизлиги учун жавоб беришган. Узоқ вақт давомида кичик муваффақиятсизликларни ҳисобга олмаганда Рим армиясини курагини ерга теккизадиган рақиб топилмаган.
 
Мўғул армияси
1206 йилдан бошлаб, 100 йил давомида умумий сони бир миллионни ташкил этган мўғуллар Евросиёнинг катта қисмини босиб олишга муваффақ бўлган. Уларнинг қўшинлари рақиб армиясини яксон қилиб, ўзларидан ўн баробар катта майдон ва кўп аҳолига эга давлатларни босиб олган. Ўша даврларда мўғуллар енгиб бўлмас рақиб сифатида барчада қўрқув уйғотган. Чингизхон томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий тактикалар улар муваффақиятида муҳим ўрин тутган.
Ўқ-ёйлар билан қуролланган отлиқ аскарлар, чопиб кетаёган ҳолда ўқ ёғдириш санъатини мукаммал эгаллаган. Бу рақиб пиёда аскари олдида устунликни тақдим этган.
 
Усмонли турклар армияси
Қудрати юқори чўққига чиққан даврда усмонли турклар бутун Яқин Шарқ, Болқон ва Шимолий Африка устидан ҳукмронлик ўрнатган. 1453 йилда турклар жаҳоннинг энг қудратли шаҳарларидан бири Константинополни эгаллашган.
Тўплар ва мушкетлардан рақибларидан кўра аввалроқ фойдаланишни бошлаган турклар катта устунликка эга бўлишган. Улкан тўплар ёрдамида улар Константинополни олишган ва форслар ва Миср мамлукларини енгишган.
Султонларнинг асосий ишонган кучи яничарлардан иборат полклар бўлган. Улар ёшликларидан ҳарбий санъатга ўргатилган, содиқ аскарлардан иборат бўлган.
 
Нацистлар Германияси армияси
Вермахт бир неча ой ичида Марказий ва Ғарбий Европанинг улкан қисмини эгаллашга муваффақ бўлган. Ўша пайтда кўпчилик Германияни улкан Совет Иттифоқини енгишига ишониб қолганди.
Немис қўшинлари янги қуроллар ва алоқа воситаларини қўллаш, катта тезликдаги ҳаракат, кутилмаганда зарба бериш услуби ва кучларнинг асосий зарба йўналишига қаратишни ўзида жо қилган блицкриг тактикасидан ўта муваффақият билан фойдаланишган.
 
Совет армияси
Совет армияси (1946 йилгача — Қизил Армия) Иккинчи жаҳон урушидаги тинчликпарвар кучлари муваффақиятида асосий вазифани бажарган. Сталинград жанги натижасида вермахтнинг машҳур Олтинчи армияси узил-кесил тор-мор этилгани урушда туб бурилиш ясаганига тарих гувоҳдир.
Армиянинг кучли техник таъминоти муваффақиятларда муҳим ўрин тутган. Уруш давомида Қизил Армия 11 миллион аскар, 100 000 самолёт, 300 мингдан кўпроқ артиллерия қуроллари, 100 мингдан ошиқ танк ва ўзиюрар артиллерия қурилмаларини йўқотган. Бошқа манбаларга кўра 26 миллиондан кўпроқ қурбон берилгани айтилади. Урушдан кейин ҳам Совет армияси ўз қудратини ошириб борди. НАТО блоки техник жиҳатдан устунлик қилган бўлсада, СССР армияси кўп категориялар ва аскарлар сони бўйича катта устунликка эга бўлган. Айни пайтда унинг анъаналарини Россия давом эттирмоқда.
 
АҚШ армияси
Узоқ вақт давомида АҚШ катта миқдорда аскар сақлашдан ўзини сақлаб келган. Америка конституциясига кўра, вазият талаб қилган тақдирдагина катта қўшин тўплаш белгилаб қўйилганди. Иккинчи жаҳон уруши якунига қадар АҚШ бунга амалга қилиб келди.
Урушдан сўнг ҳарбий саноатга катта эътибор берилиши, "совуқ уруш" ҳолати қўшин қудратини ошиб боришига хизмат қилган. Америка армияси яхши таълим берилган ҳарбийлар, кучли флот ва авиацияга эга.

Биз Twitterда