Зоир Мирзаев Вьетнам президенти билан учрашди

Article
Бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев Ханойда Вьетнам Социалистик республикаси президенти Чан Дай Куанг билан учрашди деб ёзади VTV
Вьетнам президенти ўзбекистонлик фермерлар, агросаноат комплекси мутахассислари ва олимларидан иборат делегация раҳбари сифатида Вьетнамга ташриф буюрган Мирзаев билан суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги бундай учрашувлар ўзаро ишончни орттиришга, ҳар икки томон учун манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Мамлакатлар ўртасидаги савдо айирбошлаш миқдори атиги 37 миллион доллар эканига эътибор қаратган Вьетнам президенти, ҳар икки томон ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш орқали иқтисодий, илмий, технологик, савдо алоқаларини ривожлантириш, ўзаро мавжуд келишувларга асосан кадрлар тайёрлаш борасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиши кераклигини билдириб ўтди. Учрашув чоғида Ўзбекистон вазири орқали Чан Дай Куанг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Вьетнамга таклиф қилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳам иккала мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш эканини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса гурунч етиштириш, балиқчилик, текстил саноати, фармацевтика ва нефт-газ қазиб олиш борасидаги Вьетнам тажрибасини ўрганиш эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан Вьетнам президентини Ўзбекистонга таклиф этди.

Биз Twitterда