Япония Ўзбекистон учун синалган дўст, ишончли ҳамкордир!

Article
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов япониялик ҳамкасби Фумио Кисидага Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ расмий сайти хабар беради.
Мактубда шундай дейилади: “Мамнуният билан таъкидлашни хоҳлардимки, ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча жабҳалари бўйича 2002 йилда қабул қилинган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида очиқ ва самарали сиёсий мулоқот ўрнатилди.
2015 йилнинг октябрь ойида Япония Бош вазири жаноб Синдзо Абенинг Ўзбекистонга расмий ташрифининг муваффақиятли ўтиши Ўзбекистон-Япония муносабатларининг юқори даражада эканлигини яна бир бор кўрсатди ҳамда савдо-иқтисодий, молиявий-инвестицион, илмий-технологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга янги суръат бахш этди.
Мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишда, ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришда, энергетика, инфратузилма, телекоммуникация ва бошқа йўналишларни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда Япония томонидан кўрсатилаётган ёрдамни юқори баҳолаймиз.
Бугун қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Япония Ўзбекистоннинг синалган дўсти ва ишончли ҳамкорига айланди.
Самимият билан умид қиламанки, бизнинг ўзаро саъй-ҳаракатимиз билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ва стратегик шериклик икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам ҳар томонлама ривожланади.
Жаноб Кисида, юксак эҳтиромимни ва Сизнинг масъулиятли фаолиятингизда энг самимий тилакларимни қабул этгайсиз”

Биз Twitterда