Вазирлар Маҳкамаси янги Қарорига кўра Наманганда 3 йилда 1 триллион 126 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади

 
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2019 йилларда Наманган вилоятининг Наманган шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 685-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ чора-тадбирлар доирасида жами 1 триллион 126 миллиард 156 минг сўм маблағ ўзлаштирилади. Ва натижада 5 ярим мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қарор Наманган шаҳрида саноат ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда мухандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳолининг бандлиги ва даромадларини ошириш асосида Наманган шаҳрини комплекс ривожлантиришни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Жами 911та лойиҳа 30 миллиард 704 миллион сўм Республика бюджети маблағлари, 13 миллиард 619 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари, 161 миллиард 370 миллион сўм Мақсадли жамғармалар маблағлари, 17 миллиард 862 миллион сўм хўжалик бошқарув органлари маблағлари, 347 миллиард 979 миллион сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари, 480 миллиард 622 миллион сўм тижорат банклари кредити, 74 миллиард сўм тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.
Қарор 13 банд ва 9 иловадан иборат. Дастурнинг мақсадли параметрлари, саноатни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати, хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати, ирригация тизимларини янада яхшилаш чора-тадбирлари, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолига автотранспорт хизматларини кўрсатиш, ободонлаштириш тизимини ва кўп квартирали уйлар ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари, ичимлик ва оқава сув, иссиқлик ва электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилиш, Таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, маҳалла фуқаролар йиғинлари бино ва иншоотлари ҳолатини яхшилаш, аҳолининг шахсий томорқаларини ривожлантириш учун ажратиладиган имтиёзли банк кредитларининг асосий кўрсаткичлари батафсил берилган.

Биз Twitterда