Туркия вице-президенти Фуат Октай Тошкентга келди. Ташриф доирасида 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланади

 
Туркия вице-президенти Фуат Октай Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келди.
Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олған Бекар кутиб олдилар.
Фуат Октайга Туркия Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирининг ўринбосари Фатма Варанк, Энергетика ва Табиий бойликлар вазирининг ўринбосари Шереф Калайчи, Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари Сердар Чам, Саноат ва технологиялар вазирининг ўринбосари Четин Али Дўнмез, Тижорат вазирининг ўринбосари Сезаи Учармак, Транспорт ва инфратузилма вазирининг ўринбосари Селим Дурсун ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилмоқдалар.
 
 
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркия вице-президенти Фуат Октай мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошликка асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан мулоқот ўтказдилар.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилиши ҳамда Ўзбек-турк бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу тадбирлар доирасида савдо, саноат, энергетика, трансорт, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда 40 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланади.
Дилмурод ЖУМАБОЕВ

Биз Twitterда