Парламент раҳбарларининг Наманганга сафари тафсилотлари аниқ бўлди

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Мўйдинхонович Исмоилов ва Олий Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев жойларга чиқиб, мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида қонунчиликка амалий таклиф ва фикрларини билдириш учун вилоятларга сафарларини бошлашмоқда.
Бундай қўшма ташрифнинг биринчиси Наманганда бошланади. 11 нафар вилоятдан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Спикер ва Сенат Раисига ҳамроҳ бўлиб келишади. Икки ҳафталик ўрганиш давомида асосий эътибор ҳудуддаги ижтимоий аҳамиятга эга муаммолар, бандлик масаласи, газ ва электр таъминоти, қишлоқ инфратузилмасининг ҳолати, давлат ҳокимияти органларининг халқ билан ишлаш даражаси, коммунал хизматлар, маҳаллий кенгашлар депутатларининг фаолияти каби масалалар батафсил ўрганилади. Бу ҳақда vodiymedia.uzнинг маҳаллий Кенгашдаги манбалари хабар берди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олиши режалаштирилган бу ўрганиш давомида Наманган шаҳри, Чуст ва Уйчи туманларида кенгайтирилган таҳлил ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Наманган вилоятидан Олий Сенатга сайланган 6 та сенатор ҳам ўрганиш жараёнида иштирок этишлари кўзда тутилган.

Биз Twitterда