Москва тўрт кунда тўрт вазирни қабул қилди. АҚШ, Эрон, Сурия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари Лавров билан музокара ўтказишди

«Мақсад битта, у ҳам бўлса – дунёда тинчликнинг барқарорлигини таъминлаш». Ўтказилган музокараларнинг бош мавзуси худди шундай бўлди.
Сўнгги кунларда Суриядаги вазият жуда кескин тус олди. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Сурия авиацияси 4 апрель куни жангариларнинг заҳарловчи моддалар билан бойитилган портловчи моддалар ва қурол-аслаҳалар ишлаб чиқарувчи цехини бомбардимон қилди. Бу қуроллардан жангарилар Ироқда ва Ҳалабда фойдаланишни бошлашганди. Лекин Вашингтон вазиятдан тубдан ўрганмасдан туриб, Дамашқни кимёвий қуроллардан фойдаланганликда айблади. АҚШ ҳаво кучлари Хомс вилоятидаги ҳукумат ҳарбий аэродромига 59 та Tomahawk қанотли ракеталари билан зарба берди. Вашингтон айнан шу ерда кимёвий ҳужум бошланганини тахмин қилганди.
Бу зарбадан сўнг Москвада Сурия борасида музокаралар сериялари бошланди. 12 апрелда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия муаммосини АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан муҳокама қилди. 13 апрелда Лавров Сурия ташқи ишлар вазири Волид Муаллим билан гаплашди. 14 апрель куни Россия, Сурия ва уларга қўшилган Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф иштирок уч томонлама маслаҳатлашув ўтказилди.
Бугун эса Лавров Қатар ташқи сиёсати раҳбари Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ал Тани билан музокаралар ўтказиб, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидаги вазиятни муҳокама қилди. Сурияда тинчлик ўрнатиш, ўт очишни тўхтатиш борасида фикрлари бир жойдан чиққан вазирлар бир қатор муҳим келишувларга эришдилар. Қатар Сурия муаммосини ечимида муҳим рол ўйнаётган Астана жараёнида ҳамкорлик қилишга ваъда берди.

Биз Twitterда