Мирзиёевнинг янги қарорига кўра, 54 та академик лицей коллежга айлантирилади, 4 таси тугатилади.

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Академик лицейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик лицейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш мақсадида 2017 йил 14 мартда “Ўрта  махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзолади. Қарор УзАда эълон қилинди.
Ушбу қарор академик лицейларда ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлигини ошириш, бу масканларда таълим бериш учун умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини саралаб олиш, ёшларнинг ўзлари танлаган касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган орзу-интилишларига эришмоғи учун янада кенг шароитлар яратиш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган.
Қарорга кўра, бугунги кунда моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади.
Қолган Академик лицейларда таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларини кенг татбиқ қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:  ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади; чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади; педагоглар таркиби олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида шакллантирилади. 

Биз Twitterда