Эрдоған бир асрлик анъанани бузди! Парламент бошқарувни президент қўлига топширмоқда

Туркия парламенти президент бошқарувига ўтиш кўзда тутилган конституциявий ислоҳотлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда  Anadolu ахборот агентлиги ёзмоқда.
18 банддан иборат қонун лойиҳаси муҳокамаси 9 январдан бери давом этаётганди. У депутатлар орасида кўплаб баҳсларни юзага келтирди.  Хатто халқ ноиблари ўртасида муштлашувлар, кескин тартибсизликлар юзага келди.
Мамлакатнинг президентлик бошқаруви тизимига  ўтишини кўзда тутган  бош қомусга ўзгартириш киритиш лойиҳасини парламентга амалдаги ҳукмрон – Адолат ва тараққиёт партияси киритди. Туркиядаги бошқарув тизимини ўзгариши унинг етакчиси Ражаб Тойиб Эрдоғанга катта имкониятларни бериши тайин. Туркия сиёсатида сўнгги ўн беш йилликда об-ҳавони белгилаб  келаётган Эрдоған яқин юз йилдан бери ўзгаришсиз келаётган тузумни алмаштирмоқда. Туркия республикаси ташкил этилган 1923 йилдан бери парламент бошқаруви амалда эди.
Энди Эрдоған шундоғам узун қўлларини янада узайтириб олди. Давлат раҳбари, қабул қилинажак ўзгаришларга кўра, қарор чиқариш, вазирларни тайинлаш, референдумга конституциявий ўзгаришлар тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунинг билан бирга президент партиядаги аъзолигини тўхтатмасдан фаолият олиб бораверади. Амалдаги қонунлар сайланган президентни ўз партиясини тарк этишини кўзда тутади. 
Лойиҳага якуний тузатишлар киритиб бўлинганидан сўнг, 330 дан ошиқ депутат ижобий овоз берадиган бўлса,  Туркия парламенти уни референдумга қўяди. 

Биз Twitterда