Халқ ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
 
 
Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очди. Биринчи мажлиснинг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди ва кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, қуйи палата Спикерини сайлаш учун Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилди. Мазкур кенгашнинг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.
 
 
Давлатимиз раҳбари Спикернинг билим ва тажрибаси, фидойилигини таъкидлаб, унинг ва палатанинг ишига муваффақият тилади.
- Сизлар тарихий даврда тарихий депутатлар бўлиб сайландиларингиз. Бунга ҳар куни, ҳар дақиқа муносиб бўлишингиз, халқчил қонунлар қабул қилиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишингиз керак, - деди Президент.
Шундан сўнг мажлисга раислик қилиш ваколати Спикерга ўтди. Нурдинжон Исмоилов мажлис котибиятига келиб тушган, 5 та сиёсий партия фракцияси раҳбарлари томонидан фракциялар тузилганлиги тўғрисидаги таъсис баённомаларини ўқиб эшиттирди. Шунга асосан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари рўйхатга олинди. 
Депутатлар Қонунчилик палатаси Спикерининг янги таъсис этилган биринчи ўринбосари лавозимига депутат Акмал Саидовни, Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитовни, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовни ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Борий Алихоновни сайладилар.
Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
- Афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда. Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, - деди давлатимиз раҳбари.
Президент парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилди.
Сайловчи ва депутатнинг ўзаро муносабатларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, интернет тармоғи орқали парламент ва депутат сўровини шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш даркорлиги таъкидланди.
– Халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини берадиган электрон портал ва мобил иловаларни ишга тушириш лозим. Токи ана шу тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлсин. Яъни, депутат фаолиятига унинг сайловчилари бевосита баҳо берсин. Ана шундагина фуқаро ва парламент ўртасида халқимиз биздан кутаётган ҳақиқий кўприк пайдо бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
 
 
“Менинг фикрим” веб-портали ишини такомиллаштириш, унга тушаётган мурожаатларни телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Президент депутатлар ўзининг юриш-туриши, муомала маданияти, одоби ва этикаси билан барчага ибрат ва намуна бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этишни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг якунида халқ ишончи ҳақида гапирди.
– Ана шундай ишонч, ҳурмат ва эътиборга муносиб бўлиш – бу жуда катта бахт. Бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ана шу ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар бўйича палатанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Биз Twitterда