Хайрулло Бозоров вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 6-чақириқдаги илк сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Собирович Қосимов иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Сессия кун тартибидан Вилоят сайлов комиссияси раисининг ахбороти, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгаши депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш каби масалалар ўрин олди.

VI чақириқ халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига ўтказилган сайлов натижалари ҳақида вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзахмедов ахборот берди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низоми юзасидан депутат Баходир Каримов сўзга чиқди ва депутатларни янгиланган Регламент ва низом билан батафсил таништирди.
Регламент ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом бир овоздан тасдиқланди.
Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳларини рўйхатга олиш масаласи кўриб чиқилди. 
Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган 20 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган 5 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган 7 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган 19 нафар ва Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган 9 нафар депутатлардан иборат партия гуруҳлари тасдиқланди.
 
 
Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига асосан Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича, Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича, Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича, Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича ва Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича комиссиялари тузиш таклифи ҳамда комиссияларнинг раислари номзодлари депутатлар томонидан маъқулланди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди. 
Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига 6-Сероб сайлов округидан сайланган депутат Бозоров Хайрулло Хайитбаевичнинг номзодини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.
Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди. 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси гуруҳи номидан Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси гуруҳи номидан Мусахон Аппаков, “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи номидан Турсунбой Файзуллаев, Ўзбекистон демократик партияси гуруҳи номидан Дилшодхон Дадажанова, Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи номидан Абдулвохид Иминов сўз олиб, Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят ҳокими лавозимига тавсия этилган Хайрулло Бозоров номзодини якдиллик билан қўллаб–қувватлашди.
Бозоров Хайрулло Хайитбаевич Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлари томонидан Наманган вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров номзоди Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига ҳам кўрсатилди ва депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг VI чақириқ биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

Биз Twitterда