Ўзбекистонлик курашчиларнинг Париждаги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизлиги сабаби нимада?

Photo: https://unitedworldwrestling.org
 
2017 йил 21 августдан 26 августгача Франция пойтахти Парижда кураш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Юздан зиёд мамлакат вакиллари Юнон-рум кураши, эркин кураш ҳамда аёллар кураши мусобақаларида иштирок этдилар.
Азалдан курашчилар юрти бўлмиш Ўзбекистонимизда бу спорт турига бўлган табиий қизиқишни яхши биламиз. Шу боисдан ҳалқаро кураш мусобақаларида ҳар доим ҳам ғалабалар кутамиз.
Парижга йўл олган спортчиларимиз кимлар эди? Демак, Юнон-рум курашида Феруз Тўхтаев (59 кг), Элмурод Тасмурадов (66 кг), Арам Варданян (71 кг), Рустам Ассакалов (98 кг) ва Мўмин Абдуллаев (130 кг) лардан иборат жамоани Камил Фаткулин ва Равшан Рўзиқуловлар мураббий сифатида олиб боришди турнирга. Эркин курашчиларимиз устозлари Алим Ҳикматов ва Александр Недорезовлар эса Нодиржон Сафаров (57 кг), Ихтиёр Наврўзов (70 кг), Бекзод Абдураҳманов (74 кг), Умиджон Исманов (86 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг) ва Давид Модзманашвили (125 кг) лар билан жаҳон чемпионатига йўл тутишди. Аёллар курашида мамлакатимиз спортчилари иштирок этишмади.
Эътибор берсангиз, жамоамиз дунё миқёсида кучли курашчилар билан борди жаҳон чемпионатига. Элмурод Тасмурадов, Магомед Ибрагимов ва Ихтиёр Наврўзов ўтган йили бўлиб ўтган Рио-2016 Олимпиадаси бронза медаллари соҳибларидир. Ихтиёр қолаверса, Рустам Ассакалов билан биргаликда 2015 йили АҚШда ўтказилган жаҳон чемпионати кумуш медаллари совриндоридир. Магомед Ибрагимов ва Бекзод Абдураҳманов май ойида Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида зафар қучишди... Хуллас, таркиб етарича кучли эди...
“Эди” деганимизнинг сабаби, жаҳон чемпионатида спортчиларимиз ўта муваффақиятсиз иштирок этишди.  
Эркин курашчиларимиздан Ихтиёр Наврўзов биринчи саралаш босқичида италиялик бўлғуси чемпион Франк Чамисо Маркезга, Умиджон Исманов ҳам шу этапда кубалик Юрьески Торребланка Куэралтага, Давид Модзманашвили эса эронлик Ядуллоҳ Муҳаммадкозим Моҳебийга енгилиб, илк кунданоқ ғалаба учун курашиш имконини бой бердилар. Нодиржон Сафаров чорак финалда АҚШлик Томас Патрик Гилманга, Магомед Ибрагимов эса арманистонлик Георгий Кетоевга мағлуб бўлдилар. Фақатгина Бекзод Абдураҳманов ярим финалгача етиб борди, бироқ финал йўлланмаси учун жангда АҚШлик Жордан Эрнст Берроузга (айнан шу курашчини Бекзод Риода янчиб ташлаганди, 11-1 ҳисобида), кейин эса бронза медали учун беллашувда болгариялик Али Шабануга имкониятни бой берди.
Юнон-рум кураши мусобақаларида Феруз Тўхтаев дастлабки саралашдаёқ эронлик Меҳрдод Мардонийга, Арам Варданян 1/16 финалда руминиялик Илие Кожокарга, Элмурод Тасмурадов нимчорак финалда Артем Сурковга, Мўмин Абдуллаев ҳам худди шу босқичда турк курашчи Риза Қояалпга мағлуб бўлишди. Фақатгина Рустам Ассакалов ярим финалгача етиб борди. Бироқ ярим финалда армани курашчи Артур Алексанянга, бронза медали учун бўлган баҳсда грузиялик Ревази Надареишвилига имкониятни бой бериб, медал соҳиби бўлиш орзусини амалга оширолмай қайтди.
Тўғри, мағлубиятларнинг объектив ва субъектив сабаблари бўлиши мумкин. Бироқ, умумий олганда, ҳар икки кураш тури бўйича ҳеч бир соврин қўлга кирита олмай қайтганимиз муваффақиятсизлик ҳамда кимларнидир масъулиятсизлигидан бошқа нарса эмас. Наҳотки кураш миллий спорт тури ҳисобланган мамлакат, ўз курашини Олимпиада ўйинларига киритишга уринаётган Ўзбекистон кураш бўйича жаҳон чемпионатига “музқаймоқ егани” бориб келишига жим қараб тураверсак?! Бу борада мутасаддилардан керакли қарорлар кутиб қоламиз.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда