«Навбаҳор»нинг мустаҳкам пойдевори. Испаниялик мутахассис ёш футболчиларни кўрикдан ўтказди

Тўрақўрғон туманида таниқли футболчи Одил Аҳмедов томонидан ташкил этилган «Odil Junior» номли болалар футбол мактабига республикамиздаги «Бест спорт медиа» ҳамда Германиянинг «ЖФЛ» («Болалар футбол лигаси») футбол клубининг Тошкентдаги ҳамкорлари ташаббуси билан «Реал Сосьедад» клуби ва Хитойнинг «Шанхай» жамоасида ўйнаган, Испания кубоги соҳиби Кико Зунига ташриф буюрди.
 
Испаниялик мутахассис Кико Зунига Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан
Лойиҳадан кўзланган мақсад, ўзбекистонлик ёш футболчилар орасидан маҳоратлиларини саралаб, уларга алоҳида эътибор қаратиш ва келгусида Европа мамлакатларидаги нуфузли спорт мактабларида таҳсил олишларига кўмаклашиб, маҳоратли футболчилар тайёрлашга эришишдан иборат. Улар айни вақтгача Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлишди. Фарғона водийси бўйича эса саралов жойи сифатида Наманган вилоятини танлашган.
Эътиборлиси, Кико Зунига наманганлик футболчи болакайларнинг иқтидорига юксак баҳо берди.
- Кучлилик ва абжирлик ўзбекнинг қонида бор, бу болалардаям шу хислатларни кўряпман. Уларга фақат етарли шароит ва маҳоратли мураббийлар керак, холос. Мен Испания болаларини энг савияси баланд, деб баҳолайман ва иқрор бўлдимки, Ўзбекистон ёшлари ҳам улардан асло кам эмас экан. Агар мутасаддилар қўллаб-қувватлашса, бажонидил ҳамкорлик қилардик. Чунки болаларга ёшлигидан асл футболчи фақат тўп тепишни эмас, фикрлаш қобилияти ҳам юқори бўлиши зарурлигини уқдириб бориш муҳим, - деди испаниялик Зунига.
 
Испаниялик мутахассис Кико Зунига ва Мадриднинг "Реал" клуби президенти Флорентино Перес
Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси раиси Хайрулло Бозоров ташкилотчиларга Наманганга қаратган эътиборлари, Одил Аҳмедовдек футбол юлдузлари қанча етишиб чиқса юрт обрў-эътибори янада ошишини айтиб, миннатдорчилик билдирди.
Меҳмон бир неча соат давомида «Навбаҳор» клуби ва «Odil Junior» ёш футболчиларининг ўйинларини кузатди, улар билан майдонга тушиб, қизиқарли машғу- лотлар ташкил этди, маҳорат сабоқларини берди.
 
 
Режалар амалга ошса, Наманган вилояти лойиҳа бўйича «Мусобақалар маркази» бўлади. Футбол мактабларида рус ва инглиз тиллари мукаммал ўргатилади. Шу билан биргаликда «Навбаҳор» жамоасининг келажагига пойдевор қўйилади. Эҳтимол, бир пайтлар чиройли ўйинлар намойиш этган Тўрақўрғоннинг «Ёшлик» клуби ҳам тикланар, деган умидлар ҳам йўқ эмас.
Зоҳида КЕНЖАЕВА.

Биз Twitterда