Наманганлик Дилафруз Мамажонова белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони! Муроджон Ҳамидов ва Абдуқаҳҳор Аҳмаджоновдан кумуш ва бронза!

 
Россиянинг Қозон шаҳрида 1997-1999 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати якунланди.
26-27 декабрь кунлари Қозондаги "Ак Барс" спорт мажмуасида бўлиб ўтган мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 9 та медални қўлга киритиб, жамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ягона олтин медалини наманганлик курашчи қиз Дилафруз Мамажонова қўлга киритди. 66 килограмм вазнда гиламга чиққан Дилафруз, барча рақибларини катта устунлик билан енгиб, жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.
1999 йилда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган Дилафруз Мамажонова, Наманган Олимпия заҳиралари коллежининг учинчи босқич талабаси ҳисобланади.
 
 
Наманган вилоятидан терма жамоа сафига кирган яна икки полвон – Муроджон Ҳамидов ва Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов ҳам мусобақадан совриндор бўлиб қайтишяпти. 57 кг вазнда иштирок этган 18 ёшли Муроджон Ҳамидов кумуш медални қўлга киритган бўлса, 20 ёшли Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов 66 килограмм вазнда бронза медалининг соҳибига айланди.
 
 
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан шунингдек, 62 кг. вазнда Муҳаммадали Маматқулов, 75 кг.да Ҳотамбек Бойназаров, 90 кг.да Элёр Эрдонов, 100 кг.да Отабек Асомов кумуш медалларни, 82 кг.да Тўрабек Тўлаев, +100 кг.да (энг оғир вазнда) Санжар Турсуналиевлар бронза медалларни қўлга киритишди.
 

Биз Twitterда