Ирланд боксчи Майкл Конлан Муроджон Аҳмадалиевдан кўра кучли зарба берадиган боксчини кўрмаганми?

ФОТО: http://www.irishnews.com/
 
Ирландиялик боксчи, 2012 йилги Лондон Олимпиадаси бронза медали соҳиби, 2015 йилги Европа ва жаҳон чемпиони Майкл Конлан ўз Твиттер саҳифасида ҳаёти давомида рингда беллашган боксчилар ичида энг зўрларини эътироф этди.
Ишқибозларнинг саволларига жавоб берган Майкл Конлан ўзи баҳслашган боксчилар орасида у билан машғулот ўтказган энг яхши боксчи деб Оскар Вальдесни, унга қарши рингга тушган энг кучли боксчи деб Робейси Рамиресни эътироф этди. Бокс ҳаётидаги рақиблари орасида энг кучли зарба берган боксчи ўзбекистонлик, энг иқтидорлиси эса қозоғистонлик эканини таъкидлаган Майкл, уларнинг исмлари айтишга қийин бўлгани учун келтиролмаганини билдирган.
Сўнгги йилларда 56 килограммда ўзбек боксчиларидан Муроджон Аҳмадалиев халқаро майдонда кураш олиб бораётганини, у Майкл Конлан билан 2015 йил октябрида Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалида рингга чиққанини, енгилганига қарамай, рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширганини, кетма-кет зарбалари билан Конланни эсанкиратиб қўйганини эсласак, ирланд боксчи зарбасига тан берган рақибнинг айнан Муроджон Аҳмадалиев эканини англаб етамиз.

Биз Twitterда