Хитой туфайли трансфер харажатлари 2016 йилда рекорд сумма - 4,8 млрд. долларга етди

Article
Хитойда футболга бўлган қизиқишнинг ортиши, дунё футболини ағдар-тўнтар қилиб юборди, десак муболаға бўлмайди. Чин юртида футболчиларга оламшумул маош таклиф этилмоқда. Жаҳон юлдузларини сотиб олиш учун ҳам пул аялмаяпти. Бу эса 2016 йилда трансфер учун сарф этилган маблағларни 14,3 фоизга ошиб, 4,8 млрд. долларга етишига сабаб бўлди.
ФИФАнинг расмий маълумотларига кўра, якунланган йилда рекорд даражада кўп трансфер савдолари амалга оширилган. 14951 савдо шартномаси имзоланди, бу эса 2015 йилги кўрсаткичдан 1000 тага ошиқ деганидир.
2016 йилда Хитой клублари ўйинчилар сотиб олишни бирданига 168,2 фоизга кўтариб, 451,3 млн. долларлик ҳаридни амалга оширдилар. Бу кўрсаткич бўйича жаҳоннинг кучли бешлигига кириб, Англия, Германия, Испания ва Италияга етиб олиш остонасида туришибди.
Энг йирик савдони Одил Аҳмедовнинг "Шанхай СИПГ" клуби амалга оширди. Улар бразилиялик ярим ҳимоячи Оскар учун "Челси"га 63 млн. доллар тўлашди. "Шанхай Шеньхуа"га "Боки Хуниорс" дан аргентиналик ҳужумчи Карлос Тевес ўтди. Бу билан у жаҳоннинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди. Икки йиллик битим тузган Тевес, ҳар мавсумда 40 млн. доллар пул топади.
Хитой суперлигасига якунланган йилда Рамирес ("Челси"дан "Цзянсу Сайнти" га 25 млн. евро эвазига), Жервиньо ("Рома" - "Хэбэй Чжунцзи" - 15 млн. евро), Одил Аҳмедов ("Краснодар" - "Шанхай СИПГ" – 7 млн. евро), Фредди Гуарин ("Интер"-"Шанхай Шеньхуа"- 10,5 млн. евро), Алекс Тейшейра ("Шахтёр" -"Цзянсу Сайнти" - 50 млн. евро), Эсекьель Лавесси (ПСЖ -"Хэбей Чайна Форчун" - 33,5 млн. евро) каби футболчилар ўтишди.

Биз Twitterда