Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) Президенти Эспиноз Тошкентда

 
Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) Президенти Антонио Эспиноз бошчилигидаги делегация Тошкентга расмий ташриф билан келган меҳмон бўлиб кетди. Эътиборли жиҳати шундаки, Эспиноз илк маротаба Марказий Осиё минтақасига келди ва ташрифини айнан пойтахтимиздан бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси сайти хабар берди.
Делегация аъзоларини МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси ўринбосари, МОҚ вице-президенти Фарход Турдиевлар кутиб олишди. Ўзбекистонга уюштирилган сафари давомида мартабали меҳмонга Бутунжаҳон каратэ федерацияси вице-президенти, Генерал-майор Носир Абдул Раззоқ Ал Раззоқи ва WKF Ижроия қўмитаси аъзоси, Саудия Арабистони каратэ федерацияси Президенти Иброҳим Муҳаммад Ал Ганнас ҳамроҳлик қилишди. 
 
 
О. Касимов меҳмонларни қутлар экан, каратэ мамлакатимизда энг оммавий спорт турларидан бири эканлиги, бугунги кунда бутун Республикамиз бўйлаб 50 000 дан зиёд ёшлар спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келаётганлигини маълум қилди. 
Юртимизда спортни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, бунинг натижаси ўлароқ ўзбекистонлик каратэчилар халқаро майдонда муносиб иштирок этиб, бир қатор нуфузли турнирларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишаётганига алоҳида урғу берди. 
Ф. Турдиев эса ўз навбатида Бутунжаҳон каратэ федерацияси раҳбарларини каратэ спорт турининг илк маротаба Токио 2020 Олимпия ўйинлари дастурига киритилганлиги ва олимпия оиласига аъзо бўлгани билан самимий қутлади. Шунингдек, каратэ нафақат спортнинг ушбу тури ватани ҳисобланган Япониядаги Олимпия ўйинларида, балки ундан кейинги Олимпиадаларда ҳам доимий равишда ўйинлар дастуридан ўрин олишига умид билдирди. 
Антонио Эспиноз бунга жавобан Бутунжаҳон каратэ федерацияси кенг кўламда иш олиб бораётгани, каратэни бутун дунёда янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш йўлида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида спортнинг ушбу тури юксак даражада тараққий этган мамлакат эканлигини ҳисобга олиб, WKF Президенти Тошкентда Осиё каратэ марказини ташкил этиш таклифи билан чиқди. 
Шунингдек, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Президенти Аламжон Муллаевнинг нафақат юртимизда, балки бутун минтақада каратэни ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларини юқори баҳолади.
Жаноб Эспиноз Ўзбекистон ҳам каратэ спорт тури жадал суратларда ривожланиб бораётган мамлакат сифатида Токио 2020 Олимпия ўйинларида катта делегация билан иштирок этишидан умидвор эканлигини изҳор қилди. Бунга жавобан Ойбек Касимов бугунги кунда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва бир қатор нуфузли халқаро спорт ташкилотлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганлиги, шу жумладан Бутунжаҳон каратэ федерацияси билан ҳам ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, алоқаларни янада мустаҳкамлашдан фақат ҳурсанд бўлишини маълум қилди. 
Учрашув якунида Ойбек Касимов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Антонио Эспиноз самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор этар экан МОҚ Президенти ва Бош котибига алоҳида эсдалик совғаларини тақдим этди. 
 
 

Биз Twitterда