9 Ўзбек боксчи бугун ярим финал йўлланмаси учун рингга чиқади! Рақибларни таҳлил қиламиз

 
Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбек боксчилари Рио Олимпидасидаги зафарли юришларини давом эттиришмоқда. Ўн боксчимиздан фақат Муроджон Аҳмадалиев мусобақани эрта тарк этган бўлса, қолган тўққиз боксчимиз бугун ярим финал йўлланмалари учун рингга чиқишади. Қуйида ушбу беллашувлардаги рақибларимиз ҳамда боксчиларимизнинг имкониятлари ҳақида Vodiymedia таҳлилини ҳавола этамиз.
 
49 кг. Чорак финал. 29 август, 18:15
Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) - Амит Пхандал (Ҳиндистон)
Рио Олимпиадаси чемпиони, AIBA Best Elite Men Boxer 2016, икки карра Осиё чемпиони ва Дунё универсиадаси ғолиби 24 ёшлик Ҳасанбой Дўсматов қаршисида 21 ёшли ҳинд боксчи нима ҳам қила оларди! Яхши эслаймиз, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати ярим финалида Амит Ҳасанбойнинг кучли зарбаларига аранг чидаб, нокаут бўлмасдан учрашувни якунлаганидан хурсандчилигини яширмаганди. Хуллас, тўлиқ устунликда ғалаба тайин, Худо хоҳласа.
 
64 кг. Чорак финал. 29 август, 19:15
Иқболжон Холдоров (Ўзбекистон) - Артём Арутюнян (Германия)
Германиялик спортчи боксчиларимиз рақиблари орасида энг хавфлиси. 2016 йилги Рио Олимпиадаси бронза медали соҳиби, 27 ёшли тажрибали боксчи. Қизиқарли яна бир факт, Арутюнян бир пайтлар таэквондо билан ҳам жиддий шуғулланган ва Германия чемпиони бўлишга эришган. 21 ёшли Иқболжон Холдоров бу рақибни енгиши учун анча тер тўкишига тўғри келади.
 
75 кг. Чорак финал. 29 август, 19:45
Исроил Мадримов (Ўзбекистон) - Трой Исли (АҚШ)
19 ёшли Трой Исли АҚШнинг 2016 йилги миллий чемпионати ғолиби, 3 карра полициялар лигаси чемпиони ҳисоблансада, тажрибасизлиги боис 22 ёшли Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби Исроил Мадримовнинг олдида имкониятлари камроқ. Шундай бўлсада, беллашув қизғин ўтишини кутса бўлади.
 
91 кг. Чорак финал. 29 август, 20:15
Санжар Турсунов (Ўзбекистон) – Рой Корвинг (Голландия)
Яқинда Украинада бўлиб ўтган Европа чемпионати бронза медали соҳиби, 22 ёшли Рой Корвингга қарши учрашув жаҳон чемпионатини саралашда бошлаган ёш боксчимиз Санжар Турсунов учун осон бўлмайди. 2015 йили Доҳада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ўта кучли иштирок этган Корвинг чорак финалда бўлғуси чемпион россиялик Евгений Тишенкога енгилиб, медаллардан қуруқ қолганди. Шундай бўлсада, Санжардаги ўзига бўлган ишонч ҳамда ғалабага бўлган иштиёқ унга қўл келади деб умид қиламиз.
 
52 кг. Чорак финал. 29 август. 22:15
Жасурбек Латипов (Ўзбекистон) - Сейбер Авила (Колумбия)
Энг тажрибали боксчиларимиздан бири, Осиё чемпиони, икки карра жаҳон чемпионати ҳамда Дунё Универсиадаси бронза медали соҳиби, Рио Олимпиадаси иштирокчиси 26 ёшли Жасурбек Латиповнинг рақиби 28 ёшли колумбиялик боксчи Сейбер Авила бўлади. Рио Олимпиадасида россиялик Миша Алоянга чорак финалда енгилиб, медалсиз қолганди. Ўз қитъасининг энг машҳур боксчиларидан бири бўлган Сейбер, бир неча бор Колумбия чемпиони ҳамда Боливар ўйинлари ғолиби ҳисобланади. Ўз бокс ҳаётини 49 кг. вазнда бошлаган колумбиялик боксчи, кейинчалик 52 кг.га ўтган. 2016 йили Дунё бокс серияси беллашувида Puerto Rico Hurricanes сафида Uzbek Tigers жамоасига қарши рингга чиққан Авила, Аброржон Қодировдан техник нокаут билан мағлуб бўлганди. Латипов бу баҳсда кичик бўлсада, устунлик билан ғалаба қозонади деб қоламиз.
 
60 кг. Чорак финал. 29 август. 22:45
Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) - Отар Ераносян (Грузия)
23 ёшли Осиё чемпиони, 2015 йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби Элнур Абдураимов 22 ёшли грузин боксчи, беш карра Грузия чемпиони, 2016 йилги Грузияда йилнинг спортчиси деб топилган ахалкалаклик Отар Ераносянга қарши беллашувда ҳеч қийинчиликсиз ғалаба қозонади деб ишонч билан айтса бўлади. Сабаби, Грузия ва бокс сўзлари биргаликда унча қовушмайдиган иборага айланади, Ўзбекистон ва кёрлинг каби....
 
69 кг. Чорак финал. 29 август. 23:00
Шаҳрам Ғиёсов (Ўзбекистон) - Пэт МакКормак (Англия)
Рио Олимпиадаси кумуш медали соҳиби, Осиё чемпиони, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони 24 ёшли Шаҳрам Ғиёсовнинг сўнгги икки Европа чемпионати кумуш медали соҳиби, 22 ёшли инглиз боксчи Пэт МакКормакка қарши беллашувда катта устунлик билан ғолиб чиқишини кутамиз. Шаҳрам бугунги кунда ўз вазнида дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири экани бу ишончни мустаҳкамлайди.
 
81 кг. Чорак финал. 29 август. 23:30
Бектемир Мелиқўзиев (Ўзбекистон) - Ерик Алжанов (Қозоғистон)
Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатининг финал жангида Бектемир Мелиқўзиев ва 26 ёшли Ерик Алжановлар тўқнаш келишганди. Ўшанда боксчимиз жароҳат олганига қарамасдан жангни яхши ўтказиб ғалаба қозона олганди. Бектемир Мелиқўзиев бугун дунё боксида ўз номини танитиб улгурган истеъдод соҳиби. Умид қиламизки, бугунги Марказий Осиё илк дербисида Бектемир ўз маҳоратини яна бир карра намойиш қилади. Чунки, Алжанов қанчалик яхши бўлмасин, Бектемирга қарши жангда ғалаба қозониш имконияти деярли йўқ! Қанақа реванш!
 
91+ кг. Чорак финал. 29 август. 23:55
Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) – Камшибек Конкабаев (Қозоғистон)
81 кг. вазндаги ҳолат бу беллашув учун ҳам мос келади. Осиё чемпионатининг финалида Баҳодир Жалолов 25 ёшли қозоқ боксчи Камшибек Конкабаевни мағлуб этганди. Қозоқ боксчининг етарли маҳоратини тан олган ҳолда, шуни айтамизки, Баҳодир рақибидан ёш бўлишига қарамай, боксда халқаро тажрибаси юқори, 2015 йили Доҳада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, Рио олимпиадаси чорак финалчиси. Хуллас, “ринг кўрган”. Айнан шу хусус бу беллашувда асосий аҳамият касб этадиганга ўхшайди. Тенг курашда Баҳодир устунликни таъминлай олади, деб ишонч билдириб қоламиз.

Биз Twitterда