"Навбаҳор" чемпионлик учун курашга шай!

“Навбаҳор” ўйингоҳида 2020 йилги Суперлига ўйинлари олдидан “Навбаҳор” жамоасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Юзлаб мухлислар иштирокида ўтказилган тадбирда жамоа янги мавсумда янги зафарлар тилаб, 27 февраль куни сафарда ўтказиладиган мавсумнинг илк очилиш ўйинида, ўтган мавсум чемпиони “Пахтакор”га қарши ўйинда ғалаба қозонишига умид билдирилди.
Жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис жамоага ҳар томонлама яратилган шароитлар учун вилоят раҳбарияти ва клуб мутасаддиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу мавсумда юқори натижаларни қайд этишга тайёр эканликларини таъкидлади. Канчельскис, футболчилар номидан наманганлик мухлисларни чиройли ўйинлар ва ғалабалар билан хурсанд қилишга ваъда берди.
 
 
Тадбирда спорт шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидов, сўз устаси Искандар Ҳамроқулов ҳам иштирок этиб, кўп минг сонли ўз содиқ мухлислари билан танилган жамоага янги мавсумда ғалабалар ёр бўлишига тилак билдирдилар.
“Навбаҳор” таркибига ушбу мавсум оралиғида “Бухоро” клубидан ҳимоячи Тоҳир Шамситдинов, “Насаф” жамоасидан ҳимоячи Хуршид Мухторов ва ярим ҳимоячи Ислом Рашидхонов, “Металлург” клубидан ярим ҳимоячи Ислом Исоқжонов, Жанубий Кореянинг “Сувон Самсунг Блюингз” жамоасидан ярим ҳимоячи Жавлон Иброҳимов, Япониянинг “Токушима Вортис” клубидан ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев, Беларуснинг “Гомель” жамоасидан россиялик ҳужумчи Руслан Болов, “Истиқлол” жамоасидан ярим ҳимоячилар – Сардор Теляков ва Анвар Ҳожимирзаев каби истеъдодли футболчилар келиб қўшилишди. Тақдимот маросимида ушбу футболчиларга жамоа либослари тантанали топширилди.
Бу йилги мавсумда “Навбаҳор” жамоаси футболчилари жаҳонга машҳур спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи ПУМА компанияси либосларида тўп суришади.

Биз Twitterда