Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Туркий давлатлар миллий кутубхоналари бирлашмасининг таъсисчиларидан бири бўлади

 
2017 йил 30 октябрь-2 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида янги ташкил этилиши режалаштирилаётган Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар ва қардош жамиятлар миллий кутубхоналари бирлашмасининг низомини кўриб чиқиш юзасидан халқаро учрашув бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркия матбуоти хабар берди.
Бу бирлашмани тузиш қарори, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Шимолий Кипр турк республикаси, Гагаузия (Молдавия таркибида), Россиянинг мухтор республикалари – Бошқирдистон, Ёқутистон (Саха республикаси), Татаристоннинг миллий кутубхоналари вакиллари иштирокида 2016 йили Туркияда бўлиб ўтган IV Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар ва қардош жамиятлар миллий кутубхоналари директорлари учрашувида қабул қилинганди.
Эртага Анталья шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишда ушбу бирлашманинг низоми кўриб чиқилади. Йиғилишда Ўзбекистон, (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона директори Алишер Абдуазизов) Бошқирдистон, Гагаузия, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Татаристон ва Шимолий Кипр турк республикаси миллий кутубхоналари директорлари, ташаббускор Туркия миллий кутубхонаси директори билан биргаликда бирлашманинг бўлажак таъсисчилари сифатида иштирок этишади. Босния ва Герцоговина, Ёқутистон, (Саха республикаси), Македония, Косово ва Муғулистон вакиллари кузатувчи статусида қатнашишади.  
Янги ташкил этилаётган Туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар ва қардош жамиятлар миллий кутубхоналари бирлашмаси Анқара шаҳрида фаолият олиб бориши борасида келишув мавжуд.

Биз Twitterда