Вестминстерда эзгулик наволари янгради

Article

Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида бўлиб ўтган хайрия концерти "Эзгулик наволари" дея номланди. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур хайрия тадбирига дипломатик корпус вакиллари, ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот ходимлари таклиф этилди, деб хабар беради ЎзА. 
Университет ректори К.Каримов, проректор А.Франс ва бошқалар Ўзбекистонда баркамол авлоднинг ўсиб-улғайиши, ҳар томонлама мустаҳкам билим олиши учун яратилган қулайликлар уларнинг иқтидор ва салоҳиятини намоён этишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 
Мазкур олий таълим муассасаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2002 йилда ташкил этилган. Марказий Осиёда халқаро тоифадаги аккредитациядан биринчи бўлиб ўтган мазкур университетни ўтган йиллар мобайнида 2 минг 200 дан ортиқ талаба тамомлади. Айни кунда бу ерда талабаларга халқаро мезонларга мос равишда бизнес бошқаруви, бизнесда ахборот тизимлари, иқтисодиёт каби соҳалар бўйича таълим берилмоқда. 
– Билим даргоҳимизда БМТнинг Тараққиёт дастури, Осиё ривожланиш банки, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар маркази ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда илмий-амалий семинарлар ташкил этилади, – дейди университетнинг маркетинг бўлими ходими Назокат Қаюмова. – Бу эса университетимизда халқаро талаб даражасида билим бериш баробарида юртимиз равнақи учун катта аҳамиятга эга бўлган илмий тадқиқотлар олиб боришда ҳам муҳим асос бўлмоқда. 
Университетда таълим жараёнини юқори даражада ташкил этиш билан бирга талабалар дунёқарашини кенгайтириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилган турли тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувларни ўтказишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. 
Концертда Ватан, истиқлол, тинчлик-осойишталик ва фаровон ҳаётимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

Биз Twitterда