Маданиятга Наманганча эътибор: вилоят театрига 300 миллион сўм, режиссёр Каримжон Юлдашевга эса уй берилди

27 декабрь куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида бўлиб ўтган катта байрам тадбирида  вилоят маданият ва саънат соҳаси вакиллари билан Янги йил олди байрам учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Ўтаётган йилда маданият ва санъат соҳасида эришган натижалар ҳақида гапирганда, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театрининг фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. 2019 йил якуни бўйича театр томонидан жами 289 та спектакл намойиш этилди. Шундан,  68 таси қишлоқ жойларда, 32 таси болалар ва ўсмирлар, кам таъминланган оилалар учун бепул намойиш этилди.
Театр жамоаси сентябрь ойида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилган “АРТ-ОРДО” халқаро театр  фестивалида иштирок этиб қайтишди. Декабрь ойида эса Тожикистоннинг Хўжанд вилоятида “Азиз” спектакли билан ижодий сафарда бўлишди. 
Бу хорижий сафарлар Наманган маданият ва санъатини кенг тарғиб қилишда ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.
Йил давомида вилоятимиздаги 19 та болалар мусиқа ва санъат мактабидан жами 63 нафар ўқувчимиз Республика ва Халқаро кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллашгани барчамизни қувонтиради. 
 
 
2019 йилда Россиянинг Москва, Сочи ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Қирғизистоннинг Иссиқкўл, Беларуснинг Могилёв шаҳарларида ўтказилган халқаро мусиқа ва санъат танловларида вилоятимиз ёш истеъдодлари катта ютуқларга эришиб, қатор Гран-при мукофотлари билан қайтишди.
Шунингдек, март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Наврўз садолари" Халқаро фестивалида 15-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг "Наво" ўзбек халқ чолғулари оркестри, май ойида яна Тошкентда ўтказилган “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари”  Республика кўрик–танловида 19-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг Хореография синфи ўқувчилари фахрли 1-ўринни эгаллашди.
Буларнинг барчаси, Муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда маданият ва санъат ривожига алоҳида урғу берилаётганининг меваси десак тўғри бўлади.
Вилоятимиз маданияти ва санъатини юксалтириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси, ёрқин истеъдоди ва серқирра ижоди, самарали хизматлари ҳамда 2019 йилда вилоят ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун 20 нафардан ортиқ соҳа вакилларига Ташаккурнома ҳамда совғалар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Наманган вилояти мусиқали драма театри режиссёри Каримжон Юлдашевга эса Наманган шаҳридан хонадон ажратиш Сертификати тақдим этилди.
Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театрига моддий-техник базасини кучайтириш учун 300 миллион сўмлик сертификат совға қилинди.
 

Биз Twitterда