"Ламбада" ижрочиси фожеали тарзда ҳалок бўлди

Article
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида “Ламбада” қўшиғи билан бутун дунё мусиқа ихлосмандлари қалбига кириб борган, миллионлаб мухлисларнинг севимли қўшиқчисига айланган бразилиялик қўшиқчи Лоалва Браз 19 январь куни фожеали тарзда ҳалок бўлди. Уни тунашга ҳаракат қилган жиноятчилар ўз машинасида тириклайин ёқиб юборишди.
Бразилия матбуоти хабарларига кўра, талончилар унга тегишли, 15 минг реал (4,5 минг доллар), ҳамда “Ламбада” қўшиғи учун топширилган “Олтин диск”ни, биллур идишни олишган.
Қўшиқчини ўлдиришда гумонланиб, қўлга олинган Уолас Виейра аввал 63 ёшли қўшиқчига тегишли бўлган меҳмонхонада ишлаган ва ишдан бўшатиб юборилганди. Бу жиноят қасддан уюштирилганлиги эътироф этилмоқда. Жиноятчилар Бразни машинасига солиб ёқиб юборишган, кейин эса меҳмонхонада ҳам ёнғин келтириб чиқаришган, дея ёзади ВЕСТИ.
Лоалва Браз 1953 йилда Рио-де-Жанейрода туғилган. 1985 йилда Францияга кўчиб ўтганидан сўнг "Каома" поп-гуруҳини ташкил этди. 1989 йилда мусиқий жамоа "Ламбада" композициясини оммага эълон қилганидан сўнг оламшумул машҳурликка эришди. Сўнгги йилларда Лоалва Браз Рио-де-Жанейрода ўзига қарашли кичикроқ меҳмонхонада ҳаёт кечираётганди. 

Биз Twitterда