Камолиддин Раҳимовни эслаб... Яхшиликдан бир сабоқ

Ўзбекистон Халқ артисти Камолиддин Раҳимовнинг ўлмас қўшиқлари, магнит тасмаларига муҳрланган соҳир овози маънавий меросларимиз қатида ҳамон жаранглаб турибди. Ҳар гал унинг қўшиқлари янграганида кўнгилларимизда меҳр-оқибат, бир-бирларга яхшилик қилиш, инсон  қадри ва шаънини улуғлаш каби фазилатларга иштиёқ ва интилиш кучланади.
 
 
Камолиддин ҳожи нафақат бетакрор ҳофиз, балки атрофдагиларга  яхшилик зиёсини таратадиган савобкаш инсон эди. У киши билан кечган фаолиятим давомида унинг ўнлаб, юзлаб кишиларга кўрсатган моддий-маънавий кўмакларига гувоҳ бўлганман.
1985 йилнинг августи эди. Наманган вилоят театрида директор ўринбосари бўлиб ишлайман. Ўша пайтда директоримиз меҳнат таътилига чиққан, турли масалалар бўйича мурожаат қилувчиларни вақтинчалик раҳбар сифатида  мен қабул қиламан.
Бир куни ишхонага – Биз Тахтакўприкданмиз, - деб кекса отахон билан онахон  кириб келишди. – Маҳалламизда отадан ҳам, онадан ҳам етим қолган  бир йигит яшайди. Кўплашиб, кўмаклашиб уй-жойини тартибга келтирдик. Уйлатиб қўйиш тараддудини кўрдик. Энди маҳалладошлар шу тўйга Камолиддин Раҳимовни хизматга чақирсак келармикинлар, дейишяпти.
- Камолиддин ҳофиз  бизда ишлайдилар. Аммо бу каби хизматга  биз бир нима деёлмаймиз, - дедим мен.  Иккиланиш билан Камолиддинни хонага чақиртирдим. Айни ёз, тадбир устига тадбир, тўй устига тўй. Ҳофизларнинг иши авжга чиққан палла.
Эшик очилиб, Камолиддиннинг майин табассумли иссиқ чеҳраси кўринди. Салом-аликдан сўнг мен отахон ва онахоннинг мақсадларини маълум қилдим.
- Сиз нима десангиз шу, - деди Камолиддин самимият билан. Унинг шу нафасида розилик зоҳир эди.
- Раҳмат, ўғлим. Минг раҳмат,  Умрингиздан барака топинг. Хурсандлигидан ўзини йўқотгудай дуо қиларкан, отахон онахонга  бир қараб олди. Шу пайт онахон қўлидаги тугунчасини узатиб, - етимникини оз демай кўп ўрнида кўрасиз, камига  маҳалладошлар тағин қараб туришмас, тўй ўтгач, тўкислаб, рози қиламиз, деди.
Камолиддин тугунчадаги пулни шундай эҳтиёткорлик билан қайтариб, назаритўқлик билан жавоб берди: - Буни тўйнинг кам-кўстига ишлатинг-лар. Хизмат биздан.
Камолиддиннинг одатига кўра  тўйхонага  айтилган вақтидан бирор соат олдин биргалашиб кириб бордик. Одамлар уни шунақа меҳр-муҳаббат, ҳурмат – эҳтиром билан кутиб олишдики, ҳамма шод, хурсанд эди.
Тўй базми кутилганидан ҳам зиёда кўтаринкилик билан  якунланди. Маҳалла оқсоқоллари узундан-узун дуолар қилишди.  Бояги тугун ҳофизнинг олдига қўйилди. Шу пайт Камолиддин куёв йигитни чақиртирди.
Уни бағрига босиб табрикларкан, бахтингга маҳалладошларинг, маҳалланг бахтига сен омон бўлгин. Мана бу пул ҳам биздан рўзғорингга ёрдам. Мана булар эса, - деди ҳофиз очиқ чеҳра билан, тўйдан тушган сеп-сарупо ва саргардон пулларни ҳам унинг олдига суриб, сен ва келинга  тўёна!
Камолиддин Раҳимовнинг бундай  ҳимматпешалигига кўп бор гувоҳ бўлганман. Унинг бу каби яхшилик сабоғини берувчи жасоратлари ҳамюртларимиз хотирасида ўчмас чироқ бўлиб порлаб туришига шубҳа йўқ. Камолиддин бу каби савобли амалларининг ажридан жаннат боғчаларида баҳраманд бўлаётган бўлса, не ажаб. Зеро, яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир!
Исломхон МУКАРРАМОВ

Биз Twitterда