Голливуд актёрига қилич солган Жавоҳир ёҳуд Улуғбек Юлдузининг Америкада порлагани ҳақида

Сўнгги йилларда сермазмун ижод маҳсулларини тақдим этаётган ўзбек актёри Жавоҳир Зокиров мухлисларини яна бир жиддий образи билан хурсанд этиш арафасида. У бир неча йиллардан бери АҚШда яшаб ва ишлаб келаётган режиссёр, клипмейкер Баҳодир Йўлдошев томонидан суратга олинган “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” картинасида машҳур Голливуд актёрлари Винсент Кассель ва Арманд Ассантелар билан биргаликда бош роллардан бирини маҳорат билан ижро этди.
Шунингдек, буюк бобокалонимиз Амир Темур образи ўзбек киносида ўзига хос мактаб ярата олган тажрибали ижодкор Маъруф Отажонов томонидан маромига етказиб ижро этилган. Картинанинг премьераси яқин кунларда бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Баҳодир Йўлдошев ўзининг бир-биридан ажойиб фильмлари, клиплари билан машҳурдир. У рус эстрадаси юлдузи Нюшанинг “Цунами”, “Выше”, “Не перебивай”, "Вою на луну", "Выбирать чудо" каби қўшиқларига клип суратга олган. Шу билан бирга Леонид Агутин, Максим, “А-Студио», “Рефлекс” гуруҳлари, ўзбек эстрадаси вакилларидан Шаҳзода, Суғдиёна каби юлдузлар билан ижод қилган.
Картина продюссери Лола Каримова-Тиллаева фейсбукдаги саҳифасида фильм ҳақида пост қолдирди: "Бугун саҳифам орқали яқин фурсатда “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилишини маълум қилмоқчиман. Мазкур фильм турмуш ўртоғим ҳамда каминанинг кинопродюсер сифатидаги илк лойиҳамиздир.
Ҳужжатли фильм буюк мутафаккир ҳамда аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган хислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир.
Голливуднинг “Титаник”, “Оловуддин”, “Геркулес” каби фильмларга мусиқа басталаган машҳур композитори Уолтер Афанасьев картинамиз учун махсус мусиқа ёзди. Беназир хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этди. Фильм премьераси ҳақида кейинроқ маълум қиламиз".

Биз Twitterда