ДИЛБАР БОНУ: Бир кўришда Бокуга ошиқ бўлдим!

 
Сафар истаги озар шоир-ёзувчиларининг чорлови билан туғилди. Самарқандлик дугонам Хосият Бобомуродова билан дунёни ўз гўзаллиги билан ром этган Озарбайжон тупроқларини зиёрат қилиш билан эса, кўп йиллик озар дўстларим билан дийдор кўришиш бахтига муяссар бўлдим.
Хабарингиз бор, озар шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Бир олманинг икки юзи” шеърини таржима қилганман. Шеър кутилмаган даражада оммалашиб кетди. Ортиқ Отажонов томонидан қўшиқ қилиб ижро этилиши озар шоирининг шеърини ҳеч муболағасиз воқеага айлантириб юборганди.
Қолаверса, Москвадаги Максим Горький номидаги тил-адабиёт интитутида ўқиган сабоқдошларим орасида Шакар Арслан, Ҳабиб Сафаров каби озарбайжонлик истеъдодлар ҳам бор эди. Талабаликда бир-бирларимизни таржима қилардик. Шакар Арсланнинг мен таржима қилганим “Дўстим учун кўтарилар қўлларим” шеърий туркуми ўқитувчиларимизга ҳам маъқул келганди.
Кейинчалик ҳам озар шоирларидан қатор таржималар қилдим. Профессор Фарида Леман асарлари, хусусан, “Аёл ва булбул”, Гулли Элдор Томирлининг “Ошиқ пари инжулари” туркумини, Табриза Пинҳондан “Келиб кўринг, Астарани” туркумидан таржималарим рости ўзимга ҳам ёқади. Айнан шу ҳамкорлик интилишларим, уларнинг миннатдор чеҳрасини кўриш истаги билан сафар орзулагандим. Қолаверса Бокуда Бахтиёр Ваҳобзода қабрини зиёрат қилишни ҳам ўйлаб юрардим.
Бокуда, Астарада, Ленкаран, Ганжа ва Жалилободда бўлдик. Озар дўстларимиз биз учун “Нафталан” сиҳатгоҳидан жой ҳозирлашган экан. Бокуни дунёнинг энг гўзал шаҳри десам, муболаға бўлмайди. Бир кўришда Бокуга ошиқ бўлдим!
 
 
Борганимизда ҳаво ҳарорати 21 даража эди. Анча салқин. Зайтунзорлар оралаб йўллари равон, озода.
Бокудаги Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси қошида шоир номи билан аталувчи Нотавон деган клуб фаолият юритаркан. Клубда деярли ҳар куни китоб тақдимоти ўтказилади. Газеталардаги эълонни ўқиб, масофа олислигидан қатъий назар келиб китоб тақдимотини ўтказишаркан. Ҳазонгул деган шоира билан дўстлашдим.
Эътибор Валиев деган адибнинг китоб тақдимоти менда унутилмас таассурот қолдирди. Муқаддас “Авесто”дан қолган зардуштийлар интернет орқали “Ўтлар шаҳрига хуш келибсиз!” деб ёзишганида ҳам ажабланмагандик. Чунки Озар замини нефт конларидан иборатлиги маълум эди. Одамлари истарали, келишган. Тоза кийинадилар. Айниқса, пойафзаллари ярқираб туради. Қадамлари виқорли.
Ер юзида 11 та иқлим бор, 9 таси Линкаранда деган гап бежиз айтилмаганлигига гувоҳ бўлдик.
Астара шаҳри ҳам ўзига хос гўзал. Бизда пахта пайкаллари каби уларда чой дарахти плантациялари. Чойнинг меҳнати ҳам пахтаникидек оғир. Терилган чой япроқларини чой қилиб тайёрлашгача қанча заҳматли жараёнлар кечади. Астарада чой фабрикасида бўлдик. Чой фабрикасидаги оғир меҳнат кўпроқ аёллар зиммасида экан.
Жалилобод тумани қулупнайзорлари билан менга Қайқини эслатди.
Ганжа шаҳрида бўлдик. Кираверишда бешта катта деворга “Ҳамса” достонлари қўйилган. Яқин ярим км жойни безаган бу маҳобатли ёдгорлик Ҳусрав Деҳлавийдан, Жомий ва Навоийдан ҳам назму наво таратаётгандек. Шеър санъати анча оммалашган. Яхши шоирлари кўп. Ганжавий зиёратгоҳида бўлдик.
 
 
Умуман Ганжа ўзининг иқлими, манзаралари, хон кўрган шаҳарлиги билан Фарғона водийсига жуда ўхшайди.
Озарбайжон тинчлик ва тотувлик, бахт-у саодат ичида ҳаёт кечирмоқда. Бироқ қўшни Арманистон томонидан қилинаётган доимий   хунрезликлар ҳамда золимона ҳужумлар натижасида инсонлар кўнглидаги хотиржамликка раҳна солувчи нимадир мавжуддай туюлди менга...
 
Давоми бор....
 
Ҳазар қўшиғи
1
Ўтлар юрти асли манинг маконим,
Маним ичим олов, олов доим ёнади.
Долғаларим асли дардим, шиканим,
Ўт- олов ичида бағрим қонади.
 
Илҳом олмаган ким, менинг қошимда.
Оёқларингизга бош уриб турсам.
Сизга сачраётган кўзим ёшида,
Дардингиз аритиб яна гупирсам.
 
Оловли Ҳазорман, Зардўштдан қолган,
Совуган қалбларга тушираман чўғ.
Кўзингизда аксим, кўзингиз ёнган,
Унута олмайсиз, унутмайсиз, йўқ.
 
Дунёни айланиб, чироқда изланг,
Мен каби куйганни топа олмассиз.
Висоллардан изланг, фироқдан изланг,
Ўтда ёнган сувдай чопа олмассиз.
 
Ичимда дунёнинг минг битта жони,
Балиқдай наҳангга ем бўлиши бор.
Минг йиллаб асрадим шу наҳанг жонин,
Энди наҳангларнинг енгилиши бор.
 
Ичим тўла инжу, марваридларим,
Дунё гўзалларин безаши аниқ.
Унутмасин гўзал, унда дардларим,
Ўтдан олиб, ўтга солиши аниқ.
 
Ҳар оқшом ошиқлар қошимда тикка,
Қудрат, куч сўрайди долғаларимдан,
Ҳар ошиқ онт ичар деб мангуликка,
Дод солиб муҳаббат яғмоларидан...
 
Оловли Ҳазорман, Зардўштдан қолган,
Совуган қалбларга тушираман чўғ.
Кўзингизда аксим, кўзингиз ёнган,
Унута олмайсиз, унутмайсиз, йўқ.
 
 
2
Ўтлар юртига хуш келибсиз!...
(СМСдан)
Хуш келганим ростми, ўтлар юртига,
Наҳот оташларда яна ёнаман.
Ишонмайман сувнинг сокин сиртига,
Долғасиз денгиз-ла қандай қоламан?
 
Кел, долғалан денгиз, юзимга урил,
Қайта ўтга тушсин хужайраларим.
Сенинг рангингдадир осмону замин,
Сенга айланади кўк ҳулваларим.
 
Аламзадамасман, қасосим йўқдир,
Ўт-оташда ёнмоқ орзуим танҳо.
Ҳаётдан нолишга асосим йўқдир,
Эрта сўлиб қолган гулдирман танҳо.
 
Нега ухлаяпти, денгиз шамоли?
Нега шунча узоқ, тонг отмайдими?
Пўртаналар кутар менинг хаёлим,
Фарёдлари билан уйғотмайдими?
 
Қаршингда турибди бир бечора Дил,
Уйғон денгиз, унга қараб қучоқ оч.
Умрига азадор бечора кўнгил,
Новдадай синдирма, унга ёз қулоч!
 
Оққан дарёларга дил ёрганим рост,
Аммо сувлар оқди ортига қайтмай.
Сойлар кечувига қўйгандим ихлос ,
У ҳам қуриб қолди жавобин айтмай.
 
О, денгиз, мингдасан, миллион ёшда,
Яхши англайдурсан ғариб ҳолини.
Очилиб яйрайсан она Қуёшда,
Майли олиб қолгин сочим толини.
 
Фақат юрагимга қайта ўт қала,
Ўту оловларда кўйиб яшайман.
Долғаларга ўра, дилга ўт қала ,
Оловда ёнишга, денгизим, шайман!...
                                             Дилбар Ҳайдарова

Биз Twitterда