Ўзбекнинг ўзлигин ўйларди

Жамики асарларни бир жойга йиғганимизда уларнинг ҳар бирини кўришимиз, у ҳақида тасаввурга эга бўла олишимиз учун ҳам маълум жиҳатларини олиб саралаймиз. Айримларини юксак савияли етук асарлар-да, деб ҳам қўямиз. Хўш, буларга нима сабаб? Сабаб талабнинг ортиши баробарида танқиднинг кучайиши ва бадиий диднинг юксалиши ҳамдир.
 
 
Танқид инсонни ўстиради. Шу билан бирга ижодкор қаламини ўткирлайди. Қалами ўткир ижодкор яратган ижод маҳсули, шубҳасиз, юқоридаги саралаш вақтида асарининг энг олдинги қаторлардан ўрин олишига эришади.
Матёқуб Қўшжонов  мана шундай ижод олами вакилларининг асарларига холисона баҳо бера олган таниқли танқидчи эди. У ўзбек танқидчилигида фикрлаш тарзи ва ифода услуби, ҳақгўйлиги, сермаҳсул ва салмоқдор тад­­қиқотлари билан алоҳида ажралиб туради. Нафақат унинг даврида дунёга келган  янги бир асар, балки адабиётга қадам қўйган янги бир ижодкор ҳам Матёқуб Қўшжоновнинг назаридан четда қолган, мулоҳазасидан мустасно бўлган эмас. Яратилган асарнинг сюжети, композицияси, қаҳрамонлар характери, психологик тузилиши ҳам, ифодаланиш услуби ҳам навбатма-навбат очиб берилган.
Мунаққиднинг ўзига хос томонларидан бири шунда эдики, ҳар бир фикрини, ҳар бир сўзини бир неча асарлардан мисоллар келтириш ор­қали исботлаб, изоҳлаб кетган. Даставвал, асарлари қораланган Қодирий, Ойбек ва Абдулла  Қаҳҳор сингари буюк намоёндаларимизнинг серқирра ижод намуналари қурилиши жиҳатидан ёрқин ифода қилинишида Матёқуб Қўшжоновнинг хизматлари катта.
Мақола ва китоблари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, барчаси ўз ўрнига, салмоқдорлик даражасига эга. Айниқса, "Қодирий эрксизлик қурбони" китоби юксак қимматга эга эканлиги билан ажралиб туради. "Ўткан кунлар" ҳақида гап кетар экан, "Одатда аксарият янгиликлар номукаммалликдан мукаммаллик сари интилган ҳолда майдонга келади. "Ўткан кун­лар"нинг пайдо бўлиши бу қоидадан истисно эди", - дейди ва Швердиннинг "Қодирий романлари гўёки текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлади", - дея асарга юксак баҳо берганини айтиб ўтади.
Танқидчи "Ўзбеклар орасида яратилган дастлабки роман дунё юзини кўрди. Бу эса бутун ўзбеклар учун улкан ютуқ эди. Мана шундек ҳодиса юз берган вақтда унга нисбатан ҳеч қандай фикр билдирилмади", - дея ачиниш билан ёзади.
Китобни ўқиш жараёнида қуйидаги жумлага дуч келасиз: "1928 йилнинг март ойида "Биринчи ўзбек романи" номли Швердиннинг дастлабки мақоласи пайдо бўлди. Қодирий тарихий роман ярата олмади. Мафкура жиҳатдан Абдулла Қодирий романи биринчи ўзбек романи - бизники эмас." Матёқуб Қўшжонов юқоридаги каби жумланинг замирида нафақат Қодирий, балки бутун ўзбекларга нисбатан камситиш бор деб баҳолайди.
Мунаққид асарнинг қўлма-қўл бўлишига сабаб характер тасвиридаги психологик топ, миллий колорит, социал маъно, сюжет ва композиция тузилишидаги мукаммаллик, дейди. Ёзувчининг ютуғини эса шарқ адабиётига хос романтик тафаккур, европа адабиётига хос реалистик услубни бир нуқтага йиғиб бера олганлигидалигини таҳлил давомида кўрсатиб беради.
"Ўткан кунлар" асарини ўқиб чиққанингизда воқеалар ривожи кўз ўнгингизда гавдаланса, "Ўзбекнинг ўзлиги" асарини ўқиб чиқиш жараёнида қаҳрамонлар ва уларнинг ўй-фикрлари, воқеалар ривожи яна қайтадан гавдаланади. Асарни такроран ўқиб чиққандек бўласиз.
Мухтасар айтганда, ўзбекнинг ўзлигини ўйлаган моҳир мунаққид бизни оддий китобхон эмас, адабиётшунос назари билан ёндошишга ундайди. Шу боис баралла айтиш мумкинки, Матёқуб Қўшжонов ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган атоқли арбоб ҳамдир.
Наргиза МАВЛОНОВА

Биз Twitterда