Ватан ҳимоячилари кунига: Эҳтиёт қилайлик остонамизни!

Article
1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган мазкур ҳужжат мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ва минтақада келиб чиқаётган хавф-хатарларни ҳар томонлама таҳлил этиш асосида, армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига кенг йўл очди.
Шу боис, ҳар йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами сифатида мамлакатимиз бўйлаб катта тантана қилинади. Бу йил тантана қилинаётган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллиги байрами муносабати Ватанимиз ҳимоячиларига ушбу ашъорни туҳфа этамиз:
 
Эҳтиёт қилайлик остонамизни!
 
Ватан – Она каби дилбар ва суюк,
Тушмасин жисмига душман сояси.
Бир иш бор баридан шарафли, буюк –
Ватан ҳимояси, юрт ҳимояси!
 
Сиз шу буюк ишга боғлагансиз бел,
Ватаним тинчига қўшсам деб улуш,
Сиз борки, хотиржам, дуодадир эл,
Сиз борки, юрт обод, фаровон турмуш!
 
Кўрай, деб фарзандлар бахтин, иқболин,
Сизга қадалгандир минг-минглаб нигоҳ.
Сизга ишонгаймиз юрт истиқболин,
Сизмасми барчадан кучли ва огоҳ?!
 
Сизнинг мадҳингизга балки арзимас
Ҳаваскор бир қизнинг содда шеърлари,
Сизга ЙИГИТ деган номнинг ўзи бас,
Ўзига бек халқнинг султон эрлари!
 
Сизга ҳурмат чексиз, эй Темур насли,
Асрангиз Ватанни, ҳам Онамизни!
Ватан остонадан бошлангай асли –
Эҳтиёт қилайлик остонамизни!
 
Муқаддамхон Саидрасулова

Биз Twitterда