ЎЗ ЮРТИДА ЯШАМОҚ – БУ БАХТ! Адашган йигит ўкинчномаси

 
ЎЗ ЮРТИДА ЯШАМОҚ – БУ БАХТ! 
(адашган йигит ўкинчномаси)
 
Ғурбат чирмаб, тун оғушида
Ўлтирибман уйқусиз, бедор.
Қўлда қалам ва ғижим қоғоз,
Ёзмоққа ҳам қолмади мадор...
 
Эҳ, мен нодон, эҳ, мен нотавон,
Нечук юртим қадрин билмадим?!
Тутдим совуқ Россияга йўл,
Нега борга сабр қилмадим?!
 
Ризқ берарди гулдай ҳунарим,
Бировдан кам ўтмасди куним.
Ота-онам дуоси бирла
Ҳаракатим топарди унум.
 
Тўғри, минмас эдим “Малибу”,
Лек гуруллар эди “Жигулим”.
Ҳалол меҳнат, барака Ҳақдан – 
Рўзғорга хўб етарди пулим
 
Аммо, афсус, шайтонга учдим,
Соя солди ҳирсим зиёга.
Ҳаёт учун пул мазмун билдим,
Хориж эллар кирди рўёга.
 
“Дўстим” деди: “Кетдикми, қани,
Иш топмоқлик эмас мураккаб.
Холис ёрдам, юришсин ишинг,
Четга чиқмоқ эркакка мактаб.”
 
Сотдим дарров тарғил сигирни,
Чипта пулин қоплади аранг.
Онам зор-зор йиғлади қол деб,
Силтаб бердим, не хомлик, қаранг.
 
Олис эллар томон ошиқдим,
Сароб бойлик айлантириб бош.
Уйда қолди чиллали хотин,
Ерни чизиб, кўзда томчи ёш.
 
Етиб келдик минг бир азобла
Шаҳри азим – Москвага ҳам.  
Бой бўлишга ортиб ишончим,
Дедим: Дўстим, бўлмагин ҳеч кам.
 
Қурилишда ишни бошладим,
Бехабардим бўлганимдан қул.
Дўст билганим фирибгар экан,
Беш ой ўтди, қўл кўрмади пул.
 
Бошлиқ эди қирқ кишига у,
Биз ер, ўзин осмон сезарди.
Қўлин урмай совуқ сувга ҳам,
Ишлаганни итдек эзарди:
 
“Иш битмасдан сўраманг ойлик,
Келишувим шундай, пул кейин.
Ким кетмоқчи бўлса, йўқолсин,
Ололмайди мендан бир тийин.”
 
 “Майли,” дедим ўзимга ўзим,
“Дўстиманку, эмас бегона.
Ишим тайин, ётгани жой бор,
Демак, шартлар шундай замона.”
 
Ва ниҳоят, ишни тугатдик,
“Дўстим” деди: “Эртага – ҳисоб.”
Саҳаргача ухлай олмадим  –
Ахир елкам кўражак офтоб.
 
“Беш ойлик пул анча бўлади,
Дарров барин жўнатай уйга.
Даста-даста долларни олиб,
Уйдагилар тушар не куйга!?”
 
Тонг ҳам отди, тушлик ҳам бўлди,
Минг умидла йўлин кўзладик...
Эртаси ҳам келмагач “бошлиқ”,
Дардимизни русга сўзладик.
 
“Эҳ, бечора ўзбеклар,” деди,
“Чув тушибсиз, лақмасиз бунча?
Мен сиз қилган ишингиз учун
Пулни бердим, бўлди уч кунча.
 
Келтирмадим сизни бу ерга,
Ҳеч бирингиз танимам ҳатто.
Шундай экан, кўчага, қани,
Алданибсиз, мендамас хато.”
 
...Қор қопланган совуқ кўчада,
Неча кунлаб кездим оч, наҳор.
Март ойининг бошлари эди,
Аммо белги бермасди баҳор.
 
Бозор томон бошлади қадам,
Топмоқ ният қилдим бурда нон.
 “Черкиз” экан бу улкан бозор,
Бир қарасам, ҳар ён мусулмон.
 
Хурсанд бўлиб кетдим, мисоли
Учратгандек дўсти-ёримни.
Салом бердим баралла овоз,
Баён этдим эзик ҳолимни.
 
“Сен биринчи эмассан, йигит,
Охирги ҳам эмассан, бу рост.
Кел, ичгин-да, бир пиёла чой,
Ўзингга кел, исинвол бироз.
 
Энди айтсак, гапнинг дангали,
Ишимиздир арава тортмоқ.
Келган молни тушириш бизга,
Оптовикка ё молин ортмоқ.
 
Иш топарсан сен ҳам бозордан.
“Акалар”га минг доллар берсанг.
Ишлаб узсанг бўлади балки,
Гаплашиб кўр, майли ризқ терсанг.”
 
Ким экан бу “акалар” дея,
Борсам учта басавлат ўзбек.
“Раҳм қилиб” мен бечорага,
Иш бердилар, бир шарт ила лек:
 
“Минг доллар бу – нақд берган учун,
Бир ярим минг сендан оламиз.
Уч кун ишлаб, қочаман дема,
Бошингга ит кунин соламиз”.
 
Рози бўлдим, иложим қанча,
Аравакаш бўлдим, қандай “бахт”!
Мағрурлигим қабрга кўмдим,
Пул ишлашга яна қилдим аҳд.
 
Шукр қилдим иш топганимга,
Оч эмасдим, борди бошпанам.
Аммо эшакдайин ишлагач,
Зирилларди оғриқдан танам.
 
Озарилар “Ача бала” деб
Чақирсалар, ўқдай шошардим.
Тоғдай юкни ташиб, эзилиб,
Арзон овқат топиб ашардим.
 
Аста йўлга киргандай бўлди,
Менинг узоқ элда кунларим.
Бироқ уйга пул жўнатолмай,
Уйқу билмас эди тунларим...
 
Ёнғин чиқиб бозорда бир кун,
Иш тўхтади, бекорчи қолдим.
Бир айланай дедим шаҳарни,
Кеза-кеза чарчадим, толдим.
 
Қайтаётган эдим ортимга,
Йўлим тўсди миллатчи ёшлар.
“Чёрний” дея урдилар чунон,
Эслаганим фақат кал бошлар.
 
Скинхедмиш бошқа номлари,
Рус бўлмаган – уларга нишон.
Фашист билан жанг қилган бобом,
Наҳот тўкди шулар учун қон?!
 
Хуллас кўзим очдим эртаси,
Ҳайронликда, бошда минг хаёл...
Атроф боқдим, пича нарида,
Ўлтирарди кекса рус аёл.
 
“Ўғлим”, деди, “ҳайрият, шукр,
Кўзинг очдинг, қўрқитдинг роса.
Шўрва қилдим товуқ гўштидан,
Бошинг кўтар, ич ярим коса.
 
Нима бўлди, айт, болагинам,
Сени солди бу куйларга ким?
Қон ичида ётган экансан,
Ачингандан уйга келтирдим.”
 
Айтиб бердим ҳолсизча, аста,
Сабабини калтак ейишим.
Бир ҳис борди ичимда фақат:
Ёқмас унга буни дейишим.
 
Аммо, ҳайрат, кампир негадир,
Сўкиб кетди мени урганни.
“Бу иблислар дўппослар нега
Ҳалол меҳнат қилиб юрганни?”
 
Сўнгра мен ҳам ютиниб бироз,
Кампир томон ташладим савол:
“Нега менга ёрдам қилдингиз,
Мен бегона эркак, сиз аёл?”
 
 “Ўлмадику ҳали инсонлик,
Кетолмасдим у ҳолда ташлаб.
Қолаверса, кўрдим, ўзбексан,
Қалб буюрди, кўзимни ёшлаб.
 
Уруш даври, оғир кунларда,
Бола эдим, жажжи қизалоқ.
Немис отган бомба дастидан,
Вайрон бўлди мен ўсган қишлоқ.
 
Шунда халқни фронт ортига
Жўнатдилар эшелонларда.
Қучоқ очди бизга Наманган,
Ўзи дардли бўлган онларда.
 
Ярим умрим у жойда ўтди,
Унда қолди ёшлик баҳори.
Паспортда мен русман, аслида
Руҳан менда ўзбек тимсоли.”...
 
Тузалиб, мен оёққа тургач,
Ташаккурим айладим изҳор.
Лек ортиқча даҳмаза бўлмай
Дея, яна йўл олдим бозор.
 
Минг афсуски, бозор беркилмиш,
Ёнғин фақат бўлмиш баҳона.
“Очилмайди энди” дедилар,
“Тарих бўлди бу Черкизона.”
 
Яна эски кунлар бошланди:
Иш йўқ, уй йўқ, чўнтак эса бўш.
Минг ланъат деб келган кунимга,
Кўзларимдан оқди мунгли ёш...
 
Емиш топдим садқа қутидан,
Вокзал бўлди менга ётар жой.
Бомж дедилар ўтган-кетганлар,
Ҳазар қилиб мендан ҳойна-ҳой...
 
Тасодифан бир кун учратдим
Икки йигит, кийинган башанг.
Ўзбекчада сўзлар эдилар,
Нурсиз юзим қоплади-ку ранг.
 
Дедим: “Салом, укалар, узр,
Мен хору-зор бўлган бир одам.
Ёрдам қилинг егулик учун,
Бу ҳаётда бўлмангиз ҳеч кам!”  
 
Қаранг, омад бунчалик бўлмас,
Бири деди: “Биз билан юринг.”
Йиқилганни суймоқ керакдир,
Кўмак биздан, бир давр суринг.”...
 
Бордим улар билан у оқшом,
Уч ой сўнгра сув кўрди танам.
Иссиқ уйда тўкин дастурхон,
Чиқиб кетди ғусса ва алам.
 
Дедилар: “Дам олволинг бироз,
Иш қочмайди, иш бисёр жуда.
Бизни Сизга етказди худо,
Олчи ошиқ дегани шу-да.”
 
Тушимми ё ўнгимми, билмай
Маза қилдим, кайфиятим чоғ.
Эрта-ю кеч зиёфат ҳар кун,
Узилмади вино-ю ароқ.
 
Бир кун бири деди: “Сюрприз,
Кўзни юминг, ака, очиш йўқ.”
Бир оз кейин очиб кўзимни,
Қотиб қолдим, қалбга тегиб ўқ.
 
Қаршимда бир жонон турарди,
Офатижон, сариқсоч, лобар.
Бир қултум сув билан ютгудек,
Таърифига сўз йўқ бир дилбар.
 
Унутгандим аёл исини,
У тун кўкка айладим парвоз.
Жилваси-ла ёндирди гўзал,
Хиёнатга кирдим мен “шоввоз”...
 
Ўрганиб ҳам қолдим буларга,
Кунлар ўтиб бориб шу зайл.
Ёқиб қолган эди бу ҳаёт,
Тарк этмоққа йўқ эди майл.
 
Шунда бир кун йигитлар деди:
“Ака, сизга бор кичик хизмат.
Бир пакет бор, ташлаб келсангиз,
Тезроқ қайтинг, оқшом зиёфат.”
 
“Хўп укалар, пакет экан-ку,
Бир тоғ юк денг, ташлаб келайин.
Сиз мен учун жаннат берганда,
Шамол мисол сиз-чун елайин.
 
Йўлга чиқдим ҳеч ҳаялламай,
Олиб бордим айтилган жойга.
Энди бериб қайтмоқчи эдим,
Қўлим тутди ўтирган: “Қайга?”...
 
Мен келтирган пакет ичида
“Қорадори” бор экан, ҳайҳот!
Полиция кишанни урди,
Кўзим ярқ деб очилди: Войдод!..
 
Жиноятчи, маҳкум мисоли,
Камерага қўйдилар қамаб.
Лефортово – турманинг номи,
"Гастербайтер" – мен учун лақаб.
 
Кўп узоққа бормади тергов,
Прокурор айб қўйди дадил.
Қамоқ ҳукми! – залда янгради,
Қарши бўлди менга ҳар далил...
 
Барча бўлган-битганни ёзиб,
Олий судга бердим шикоят.
Кўрилмоқда ҳозирда ишим,
Билмам, нейла топар ниҳоят..!
 
Тугар охир қамоқ ҳам бир кун,
Аммо, кейин нетайин, ё Раб!?
Барбод бўлди ҳаётим тугал,
Афсус дейман ортимга қараб.
 
Ўғил дарди букди отамни,
Онам рихлат айлади ғамдан.
Хотин эрта ёшда қариди,
Ёстиқлари чириди намдан...
 
Хатоларим сиз учун сабоқ,
Эл бағридан ажраманг зинҳор.
Ўз юртида яшамоқ – бу бахт!
Бу сўз бўлсин барчага шиор!
                                             Дилмурод Жумабоев
 

Биз Twitterда