Шеъриятда Соҳибқирон сиймоси

Шеъриятда Амир Темур сиймосини яратишга бўлган ҳаракат узоқ тарихий илдизга эга. Ижод аҳли бу табаррук сиймо образини яратишга жуда кўп бор уринган. Бу ҳақда тарихда мисоллар оз эмас. Қуйидаги шеър ҳам ана шу уринишлар йўлидаги ўзига хос изланишлар маҳсули эканини инобатга олиб буюк соҳибқирон бобомизнинг таваллуд кунлари муносабати билан уни сизларга илиндик.
 
СОҲИБҚИРОН
 
Дунёда  амирлар кўп,
Темурлар ҳам эмас оз
Тарихда сон-саноқсиз
Ўтган аҳли фарзона,
Лекин бир фикр айтсам
Билдирмассиз эътироз
Амир Темур ягона,
Амир Темур ягона!
 
Қаранг,
Унинг келбатин-
Алпга монанд савлати
Қаранг,
Бежиз  пешона,
Елкалари эмас кенг,
Идрок билан у қурган
Битта  Турон давлати
Лоф эмас  ер шарининг
Нақ ярмига келар тенг.
 
Жамики амирларнинг
Бор эзгу юмушлари
Тарозида бир палла
Томон тушса  қатма-қат,
Бир томонда Темурнинг
Қилган буюк ишлари
Турса,
Бу зот шайини
Босиб кетарди албат.
 
Даъволаримга исбот
Шарт эмас-ку, бу ахир-
Аксиома мисоли
Исботли теорема,
Зотан Темур дегани
Шундай ботир дарғадир,
Тўфонларни  енголган
Бу зот бошқарган кема.
 
Арзир дунёга меъзон
Бўлса унинг ибрати,
О! бу ҳолда бор эзгу
Иш бўларди жойида.
Яъни,
-Куч адолатда,-
Деган битта ҳикмати,
Ҳар бир жамият учун
Бўлганда бош қоида…
 
Ўзбек деган чўнг халқнинг
Тарихини бус-бутун
Ўрганмоқ-ку осонмас
Чунки у бениҳоя,
Лекин унинг улуғвор
Руҳин англамоқ учун,
Биргина шу бобомнинг
Шон-шавкати кифоя!
 
                             Зиёвиддин МАНСУР

Биз Twitterда