Янги нашр: Антиқа туш

Истеъдодли ҳажвчи Алишер ОҒАЙНИ (Алижон Жўраев)нинг яқинда нашр этилган "Антиқа туш" номли ҳажвий китоби XXI аср - ўзбек адабиётининг илк залворли ҳажвий асари сифатида тан олиниши шубҳасиз. Замонавий миллий адабиётимизда маҳоратли ҳажвчи айнан бизнинг Намангандан етишиб чиқаётгани қалбимизни севинтиради.
 
 
Таниқли ёзувчи Нурилло Аббосхон кириш сўзи битилган китобда кундалик ҳаётимизда учраб турадиган ажабтовур воқеликлар моҳирона тарзда қаламга олинган. "Антиқа туш" қисқа вақтда ижодкорлар қалбидан жой олди. Алишер ОҒАЙНИни ушбу китоб билан табриклар эканмиз, барчангизни мутолаага чорлаймиз. Ўқинг, умрингиз узаяди. Чунки бу китоб сизга бир олам завқ-шавқ бағишлайди.
 
Сиз азиз муштарийларга ушбу китобдан ўрин олган ҳажвий ҳикоядан бир шингил илинишни лозим топдик:
 
“ҚАЕРДАМИЗ ЎЗИ?” 
Ё, алҳазар!
Ижодкорларимизнинг етакчиси, устозимизнинг устозлари саксон ёшларида вафот этибдилар. Тўртта устоз ижодкорлар «06» Жигулида марҳумнинг ва яқинларининг ҳурматидан ўқдек учиб жанозага етиб борибдилар. «Бу ерга қанча масофани босиб келдик, - дейишибди улар, - бас, кекса устознинг руҳлари шод бўлиши учун уларни сўнгги йўлгача кузатиб қайтамиз».
Жаноза тугагач, устозни марҳум қўним топадиган мозористонга олиб борувчи бошқа машинага таклиф қилибдилар. «Йўқ, раҳмат, биз машинамизда борамиз», - дебдилар устоз. Сўнг марҳум ортилган ва атрофида «Вой отам» деб бўзлаб кетаётган чўпонли кишилар жой олган машина кетидан тўрттов ижодкор ўзлари келган машинада йўлга тушибдилар. Кун тиккага келган, асфальт йўлнинг ҳансираши димоққа урилади. Бунинг устига йўл сал тирбандроқ экан, шаҳар чорраҳасидаги инспектор энг аввал марҳум юкланган машинани ўтказиб юборибди. Кейин бизнинг устозлар ўтирган машинани...
Ҳайтовур, устозлар дафн эшолонига етиб олибдилар. Қабристонга етиб келиб бир-бирларига, «Устозимиз саксонга кирсалар ҳам ҳали анча тетик эдилар, ўзи нимадан вафот этдилар экан?» деган саволни берибдилар. «Келинглар, анави отахондан сўрайликчи»...
«Туғолмай ўлди шўрлик», дебди оппоқ соч-соқолли қария. «Нима, калласи жойидами буни, - аччиқланибдилар устоз, бу жавобни эшитиб, – эркак киши ҳам туғолмай ўладими, бунинг устига саксонга кирган бўлса...» Шу хаёлда отахонга: «Тавба денг, тавба денг, зинҳор ҳазиллашманг. Майит эркак киши эмасми?»
Буни қарангки, устоз ижодкорлар йўлда чалғиб ўзлари мўлжал қилган эмас, бошқа, ўттиз ёшлардаги марҳума аёлнинг дафн карвонига эргашиб келишган экан...

Биз Twitterда