Халқ ёзувчиси Исҳоқжон Нишоновдан Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллигига: "Аскар онаси"

Исҳоқжон Нишоновга “Халқ ёзувчиси” сифатини берганимиз балки кимгадир эриш туюлар. Чунки Исҳоқжон аканинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” расмий унвони йўқ. Ҳозирча! Ёзувчилар уюшмасининг ҳам аъзоси эмаслигини айтсак, янада ҳайрон қолади инсон. Бу ҳам ҳозирча эканини айтамиз. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси бу масалаларга эътибор қаратади албатта. Чунки, Ўзбек романчилигида янги йўналиш – роман-сериални ўзбек китобхонига илк тақдим этган, “Афғон шамоли” романи билан, бу роман қаҳрамони жасур ўзбек разведкачиси – Бўрон образи билан ўзбек детектив жанрига ватанпарварлик ғоясини уйғунлаштирган, Мустақилликдан сўнг насрий асари Европада илк чоп этилган Исҳоқжон Нишоновни бемалол халқнинг ёзувчиси деб атаса бўлади. 24 та романи, 30 дан ортиқ қисса ва ҳикоялар тўплами китоб бўлиб ўқувчилари қўлига етиб борган.

Камтарин ёзувчи ўз номини эмас, адабиётни, яъни Одобиётни тарғиб этишни хуш кўради. Турли жойларда, хусусан мактабларда, олий ўқув юртларида, ҳарбий қисмларда, ўз асарларини севиб ўқувчилар топиладиган турли муассасаларда ижодий учрашувлар ўтказиш таклифи билан чиқишса, бажонидил бориб, адабиёт ихлосмандлари билан суҳбатлар ўтказади.

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 25 йиллигига армуғон сифатида ёзувчи ўзининг “Аскар онаси” романини тақдим этди. Ушбу асар яқиндан нашрдан чиқиб, ўқувчилари қўлига етиб борди. Қуйида эътиборингизга ушбу романдан парча ҳавола қиламиз:

БИРИНЧИ МАКТУБ

 Салом, онажоним, дунёдаги энг мўътабар, меҳрибоним! Сизни жуда соғиндим, худди минг йил кўрмагандекман. Жаннатдек юртнинг олтин тупроғида туғилиб, ўниб-ўсиб, меҳр-муруватли, раҳмдил, бағрикенг инсонлар даврасида яшаётганим учун тангримга беадад шукроналар бўлсин! Ватаним сарҳадларимизни қўриқлашни менга ишониб, қўлимга қурол топширганидан бахтиёрман. Ишончни оқлаш шараф эканлигини ҳар нафасимда ҳис этиб яшайман. Ҳар тонг қисмимиз олдидаги майдондан мадҳиямизни куйлаб ўтаётганимда бу ишончни оқлашга онт ичаман. Олис кетсам байроғимизни соғинаман. У кўзимга жозибали ва мафтункор кўринади. Орзулари сарбаланд бўлган элимнинг байроғи юртимни кўз қорачиғидек асрашга, ёниб яшашга ундайди.

Диёримнинг осудалиги мен каби хизмат бурчини ўтаётган аскарларга боғлиқлигини ҳис этаман. Таассуфларки, бахти-иқболимизни кўролмайдиган кимсалар заиф тамонимизни излашади. Салгина ҳушёрликни унутсак, фитна уруғини сепишади. Тирноқ остидан кир излаб, тўполон кўтаришади, ойдин ва равон йулимизга алмисокдан колган шалдироқ араваларини солмокчи бўлишади. Уларга тинчлигимздан кўра бесамарлигимиз керак.

Онажон, қўлимга қурол олиб, байроғимизни ўпиб қасамёд қилган куним Ватан нималигини теранроқ англаб етдим. Бобомиз Амир Темур, Жалолиддин Мангубердилар бежиз бу тупроқни ёвдан сақламаган, қон тўкмаган ва жон бермаган экан. Президентимизнинг “Ватанпарварлик – бу шундай нозик туйғуки, у фақат она сути билан кириши ва жон билан чиқиши мумкин”, деб айтган сўзларини чуқур ва теран англаб етдим.

 Онажоним, машғулотда взвод командиримиз ибратли бир ривоятни сўзлаб берди. Балки эшитгандирсиз, бироқ мен эшитмагандим. Шуни сизга ёзиб юбормоқдаман. Дарсда ўқувчиларингизга ўқиб берсангиз, улар қалбидаги юртга бўлган муҳаббат ортади, деб ўйлайман.

 Ривоят қилишларича қадим замонда кичкинагина қабила бўлиб, эли тинч ва осуда ҳаёт кечирар экан. Кунларнинг бирида қўшни қабила бошлиғи шу юртга қарши уруш бошлашга, юртни вайрон, одамларини қуллик қисматига гирифтор этишга аҳд қилибди. Қабила қароргоҳига элчисини жўнатибди.

- Шаҳаншоҳ нима истайди? Нима қилсак урушнинг олдини олган, одамларнинг, гўдакларнинг ҳаётини сақлаб, юртни вайронагарчиликдан асраб қолган бўламиз, - деб сўрабди кичик қабила сардори хабар келтирган элчидан.

 Шунда у:

 - Йилига ўн минг тилло ўлпон тўлаб турсанг, шаҳаншоҳ урушни тўхтатадилар. Халқинг тинч-тотув яшайверади, - шарт қўйибди элчи.

 Сардор ёнидаги улуғлар билан кенгашиб, халқининг тинчлигини, юртининг эртасини ўйлаб, шоҳнинг раъйига қарши боролмабди.

- Агар шоҳнинг истаги шу бўлса, бориб айт, таклифини қабул қилдим! - дебди ичидан зил кетиб.

 Элчи олтинларни туяларга ортиб юртига қайтибди. Орадан йиллар ўтиб шаҳаншоҳ аҳдини бузиб, элчисини яна қабила бошлиғининг ҳузурига йўллабди.

 - Шоҳ нима истайди? - сўрабди қабила бошлиғи.

 - Сенинг гўзалликда тенги йўқ қизинг бор экан, шоҳимиз уни никоҳига олмоқчи, - жавоб қилибди элчи.

 Қабила бошлиғи юртини вайрон бўлишини, элнинг қирилиб кетишини ўйлаб, ўзининг якка-ю ёлғиз фарзандини босқинчи шоҳга узатишга розилик берибди. Бироқ шоҳ ваъдасига хиёнат килибди. Яна элчи қабила бошлиғининг остонасини ҳатлабди.

- Шоҳинг нима истайди? – сўрабди аччиқланган қабила бошлиғи.

Элчи эса:

- Шаҳаншоҳ сендан юртингни бир бўлагини ажратиб беришингни талаб қилади! – дебди кибор билан.

 Буни эшитган сардорнинг ғазаби жўшибди;

 - Бож талаб қилди, тўладим, қизимни сўради, бердим, аммо юртимнинг бир қарич ерини бериб, шарманда бўлиб, хоин деган номни олганимдан кўра жангда жон бермоғим афзал. Бориб шоҳинга айт, мен урушга тайёрман! – дебди мағрурона.

 Икки ўртада омонсиз жанг бошланибди. Табаррук тупроғини ёвдан ҳимоя қилиш истагида жангга кирган қабила аҳли Ватанни ёвга топширмасликни мақсад қилибди. Шу ягона тилак уларнинг кучига куч қўшибди. Оқибат ўзларидан ўн баробар ортиқ бўлган рақибларини мағлуб этибди.

 Онажон, ибратли ҳикоя, шундай эмасми? Бу ҳикоя аскарлар қалбида Ватанга муҳаббатни жўш урдириб юборди.

 Сизни соғиниб, аскар ўғлингиз Улуғбек.

Биз Twitterда