Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллуд топган кун

САИД АҲМАД (асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саидаҳмад) (1920.10.6, Тошкент-2007.05.12, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968). Тошкент рассомлик билим юртида, Тошкент педагогика институтида ўқиган (1940—43). «Муштум» журнали (1938—39; 1955—57), «Ёш ленинчи» газетаси (1940—41), Ўзбекистон радиоқўмитаси (1941 — 43)да, «Қизил Ўзбекистон» газетаси (1943 — 47) ва «Шарқ юлдузи» (1948 — 50; 1957—59) журналида адабий ходим.
 

Биринчи ҳикоялар тўплами — «Тортиқ» (1940). «Эр юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Чўл бургути» (1960), «Чўл оқшомлари», «Одам ва бўрон» тўпламларига кирган ҳикояларида замондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари эҳтирос билан акс эттирилган. Саид Аҳмад ўз ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғуломнинг юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги лаконизмдан ўрганишга интилган ва улар ижоди Саид Аҳмаднинг ёзувчи бўлиб етишишида «дарслик» вазифасини ўтаган. Айни пайтда у ҳажвчи, юморист сифатида танилган. Ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. Романларида ҳам юмористик йўналиш муҳим ўрин тутади. Унинг юмористик маҳорати «Келинлар қўзғолони» (1976), «Куёв» (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлган. «Келинлар қўзғолони»даги халқона юмор билан йўғрилган Фармон биби миллатменталитетини, ўзлигини, кучли ва ожиз жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган бетакрор образ даражасига кўтарилган.
«Уфқ» трилогияси (1964—74), «Жимжитлик» романи (1988) адиб ижодида алоҳида ўрин тутади. «Уфқ» романи 20а. миллат ҳаётининг ўн йиллик даври — 2-жаҳон уруши, уруш ва урушдан кейинги йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Трилогияда ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, шу мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар ёзувчи истеъдодига хос эҳтирос, зўр илҳом билан акс эттирилган. Асарда Икромжон, Жаннат, Азизхон, Дилдор, Асрора каби теран, халқчил, ёрқин миллий образлар яратилган. «Жимжитлик» романида эса сиртдан тинч, сокин кўринган шўро даврининг ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати билан кўрсатилган. Асардаги деярли барча етакчи персонажлар фожеий қисмат эгаларидир.Роман ўзининг асов, «бебош» ифода тарзи билан жозибалидир.
Саид Аҳмад истиқлол йилларида ҳам ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мақола, бадиалар ёзди, аввалгидек қувноқ юмористик, жўшқин лирик ҳикоялар яратди. «Хандон писта» (1994), «Бир ўпичнинг баҳоси» (1995) ҳажвий тўпламлари, «Йўқотганларим ва топганларим» (1998), «Қоракўз мажнун» (2001), «Киприкда қолган тонг» (2003) китоблари, 3 жилдли «Танланган асарлари» (2000) чоп этилди. «Йўқотганларим ва топганларим»да Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Шайхзода, Саида Зуннунова ва бошқалар бир қатор забардаст ўзбек ёзувчи ва шоирларининг жонли қиёфасини бадиий бўёқларда ифодалаб берди. Истиқлол туфайли одамлар қисмати ва руҳиятидаги эврилишлар ҳақида баҳс этувчи «Қоракўз мажнун», «От билан суҳбат», «Азроил ўтган йўлларда» ҳикоялари, қатағон даври хотиралари билан боғлиқ «Борса келмас дарвозаси», «Тақдир, тақдир…», «Офтоб ойим» ҳикоялари, адибнинг ўзи яқиндан мулоқотда бўлган устоз адиблар, тенгдошлари, шогирдлари ва, ниҳоят, ўз ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотираэсселари мустақиллик даври ўзбек адабиётида муҳимҳодиса бўдди. Саид Аҳмад гагина хос нозик кузатишлар, эркин, асов бир руҳ, ҳам ҳазин, ҳам нурли, покиза туйғулар, беғубор ҳазилмутоибалар билан йўғрилган хотираэсселар бу жанрнинг замонавий ўзбек адабиётидаги энг яхши намуналари қаторида туради. Фельетон жанрида хам самарали ижод қилган. 1947 йилда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган. Сталин вафотидан сўнг оқланган. «Келинлар қўзғолони», «Куёв» комедиялари ҳозирги Ўзбек миллий академик театрида, «Келинлар қўзғолони» дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. «Уфқ» асари асосида драмалар, «Ўзбекфильм» киностудиясида «Муҳаббат можароси» фильми (1970) ва бошқалар яратилган. «Дўстлик» (1996), «Буюк хизматлари учун» (1997) орденлари билан мукофотланган.
***

“Умр йўлларимнинг содиқ ҳамроҳи Саида Зуннунованинг порлоқ хотирасига бағишлайман”. Китоб жавонидаги йирик, салмоқли “Уфқ” романини очар эканман, илк саҳифага ёзилган ушбу ёдномага кўзим тушади. Буюк адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг мазкур сўзлари қисқа умри давомида унга елкадош бўлиб, қисматнинг оғир синовларидан бардош билан ўтган аёли, шоира ва адиба Саида Зуннуновага чин эҳтиром рамзидир. Икки ижодкорнинг ибратли ва файзли ҳаёти заҳматли ва машаққатли кечмишга тўла. Бироқ чин истеъдод қадрланадиган бугунги кунимизда ўзбек адабиёти намояндаларидан бўлмиш бу ижодкор жуфтликка катта эъзоз ва эътибор қаратилди.

Улуғ адибимизнинг фарзанди Нодира опа ҲУСАНХЎЖАЕВА билан суҳбатдан:

– Саид Аҳмаднинг ижодий мероси, ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси беқиёс. Айни пайтда бу адабий меросни ўрганиш ва татбиқ қилиш қай даражада?

– Ўзбекистонда ёзувчи Саид Аҳмадни танимаган, уларнинг китобларини ўқимаган инсон топилмаса керак. Нашриётлар отамнинг китобларини қайта-қайта нашр этиб турганига қарамасдан, китоб дўконлари пештахталарида топиш осон эмас. Шуни ўзидан халқимиз отамнинг асарларини нақадар севиб ўқишини билса бўлади. Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида бир қанча адабиётшунослар отамнинг ижоди бўйича жиддий илмий ишлар ёзиб, ижодини чуқур таҳлил қилишган эди. Айниқса, профессор Умарали Норматовнинг “Саид Аҳмад. Адабий портрет”, “Уфқларнинг чин ошиғи” монографиялари, таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғофуровнинг “Прозанинг шоири” номли йирик илмий асарини алоҳида қайд этгим келади. Шулар қаторида К.Пирматовнинг “Саид Аҳмад маҳорати”, Ш.Аҳмедованинг “Юмор жилолари” илмий ишларини, Ўткир Ҳошимовнинг “Саид Аҳмад сафарда” ва Носир Фозиловнинг “Саид Аҳмад номинг баланд” номли хотираларини адиб ҳақида ёзилган эътиборга сазовор асарлар деб айта оламан. Шу пайтгача филология ва журналистика факультетларининг талабалари шу илмий ишлар ва адабий хотиралардан фойдаланиб келишмоқда.

Сўнгги йилларда отамнинг ижодини ўрганиш, уни татбиқ қилиш бирмунча сустлашиб қолгандай. Негаки яқин йигирма-ўттиз йил ичида матбуотда отамнинг ижодига бағишланган биронта йирик илмий изланишни учратмадим. Менимча, ёзувчи қолдирган адабий меросни чуқур таҳлил қиладиган, маҳоратини ўрганиб “Саид Аҳмад маҳорат мактаби”ни ташкил қиладиган давр келди. Агар “Келинлар қўзғолони” комедиясини айтмаса, отамнинг биронта йирик асари шу кунгача экранлаштирилмаган. Ваҳоланки, унинг “Уфқ” трилогияси, “Жимжитлик” романлари китобхонлар энг севиб мутолаа қилиб келаётган асарлар сирасидандир. Агар улар экранлаштирилса, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, “Ўткан кунлар”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си сингари ажойиб миллий бадиий фильмлар яратилишига шубҳа йўқ. Чунки ҳар бир муваффақиятли бадиий фильмнинг ортида вақт синовидан ўтган яхши адабий асар туради. Кино усталари яқин орада отамнинг “Уфқ” ва “Жимжитлик” романларига эътибор бериб, шу асарлар асосида бадиий фильмлар яратиб қолишса ажаб эмас.

– Саид Аҳмад уй-музейини ташкил қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Ота-онам яшаб ижод қилган уй деворига 2008 йилда мемориал тахта ўрнатган эдик. Шундан буён муаллимлар, талабалар, мактаб ўқувчилари, адабиёт ихлосмандлари ва китобсеварлар бу икки ёзувчининг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиш учун уйимизга тинмай келиб туришибди. Уйимизда ота-онамдан қолган нодир шахсий архив, китоблар, қўлёзмалар, ёзув машинкалари, онам чалган дутор, хужжатлар, газета-журналлар, кундаликлар, хатлар, отам ўз қўли билан чизган расмлар, ўзи ясаган шахмат қутиси ва фигурачалари, сценарийлар, театр афишалари (атоқли марҳум актёрларнинг автографлари билан), видеотасвирлар, фото-киноплёнкалар, грампластинкалар, портретлар, фотосуратлар, фотоаппаратлар, мукофотлар, орден ва медаллар, совғалар ва икки адибнинг ҳаётига оид турли-туман экспонатлар сақланиб келмоқда. Уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб келяпман. Чунки ота-онамнинг ибратга тўла ҳаёти ва ижоди келажак авлодларга намуна бўлишга муносибдир. Лекин бу сақланиб келаётган экспонатларни уй шароитида халққа намойиш этишнинг имконияти йўқ. Архивнинг кейинги тақдири мени ташвишга солади, чунки бу маданий мерос фақат бизнинг оиламизга эмас, балки бутун ўзбек ҳалқига тегишлидир. Шунинг учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига уйимизни уй-музейга айлантириш ташаббуси билан чиқдим. Уюшма раиси Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ташаббусимни қўллаб-қувватлади. Натижада, отам, ёзувчи Саид Аҳмаднинг 2020 йилда нишонланиши кутилаётган 100 йиллик юбилейи муносабати билан ота-онамнинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи уй-музей ташкил этиладиган бўлди. Шу билан бирга, 100 йиллик таваллуд айём арафасида кўп қисмли “Саид билан Саида” номли бадиий сериал суратга олиниши ҳам кутилмоқда.

– Андижондаги Саида Зуннунованинг ота ҳовлисига борганимда опанинг сингиллари Сайёра опа билан учрашгандим. Қизиғи, жуда кўп маълумотлар, қўлёзмалар шу уйда сақланаркан. Ҳатто ўқувчиларнинг шоирага ёзган мактублари ҳам. Балки ана шу манбалар ҳам уй-музейидан ўрин олар.

– Худди кечагидек эсимда, бундан чамаси 35-40 йиллар илгари Сайёра холам Андижондаги онам туғилган ҳовлида уй-музей ташкил қилмоқчи бўлган эди. Лекин айрим сабабларга кўра, ўша пайтда уларнинг бу хоҳиши амалга ошмай қолган эди. Шу кунга қадар холам опаси шоира Саида Зуннуновадан қолган адабий меросни авайлаб-асраб келмоқда. Агар Тошкентда ёзувчи Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннуноваларнинг ижоди ва ҳаётига бағишланган уй-музей очилса, Андижондаги онам туғилган уйда сақланаётган қўлёзмалар, расмлар, мактублар ҳам шу музейдан ўрин олиши мумкин, деб ўйлайман.

– Биламизки, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова қийин замонда, оғир даврда яшаган. Шундай бўлсада, бу икки ижодкор ҳам ўзбек адабиёти учун ўлмас асарлар қолдиришган.

– Тўғри, ота-онамнинг ёшлиги зиддиятларга тўла оғир қатағон йилларига тўғри келган. Ўша даврда уларнинг бир-бирига ёзган хатларини, онамнинг кундаликларини ўқиганимда уларга қанчалик оғир бўлганлигини ҳис этаман. Отам ўшанда эндигина ўзининг ҳикоя ва қиссалари билан адабиётга кириб келган ёш ёзувчи эди. 1950 йилнинг 10 майида отамни хибсга олиб судсиз, адвокатсиз “халқ душмани” тамғаси билан Жезқозғондаги мис конига бадарға қилишганида онам атиги олти ойлик келинчак эди. Онамни, эрингдан воз кечасан деб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдашади, нашриётлар асарларини босишмайди. Ҳеч қаерда иш беришмайди, улар учун барча эшиклар ёпилади. Шунда онам ўрта мактабни битирганида отаси совға қилган тилла соатни сотиб, пулига бир ёзув машинкасини олади. Нашриётда ишлайдиган бир аёл онамга раҳми келганидан ўзига келган қўлёзмаларни бир қисмини ишхонадагиларга билдирмай онамга бериб туради. Онам тунлари ўша қўлёзмаларни, талабаларнинг конспектларини машинкада босиб, шу меҳнати эвазига амаллаб рўзғор тебратади. Ўқувчилар онамнинг матбуотда эълон қилинган “Кундаликлар”идан бу ҳақда ўқиган бўлишлари мумкин. Ўша пайтда ота-онам бир-бирига ёзган хатлари ҳам алоҳида китоб бўлиб нашр этилган.

– Нодира опа, икки буюк ижодкор хонадонининг чироғи, дилбанди бўлиш кишига катта масъулият юкласа керак?

– Албатта, икки таниқли инсоннинг фарзанди бўлмоқ менинг зиммамга катта маъсулият юклайди. Ҳар бир ишимда, ҳар бир босган қадамимда атрофдаги инсонларнинг ўткир нигоҳларини ҳис қилиб тураман. Ўзимга ўзим “ота-онамга муносиб фарзанд бўла оляпманми?” деган саволни тез-тез бериб тураман.

– Саид Аҳмаднинг шогирдлари, умуман, бугунги адабий муҳитда улардек серқирра ҳам адиб, ҳам драматург сифатида тўлиб ижод қилаётган издошлар борми сизнингча?

– Отамнинг ижодда ўзига хос тили, йўли, ўзига хос услуби бор эди. Унинг ёзувчи бўлиб шаклланишида устозлари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғуломнинг таъсири кучли бўлган. Худди отамнинг асарларидан Абдулла Қаҳҳорнинг нафаси уфуриб тургандай, Ўткир Ҳошимовнинг, Неъмат Аминовнинг асарларида эса отамнинг нафасини ҳис қилгандай бўламан. Албатта, бу менинг субъектив фикрим. Мана шу икки адибни отамнинг чинакам издошлари, шогирдлари деб атагим келади. Отам ҳам уларнинг ижодига алохида меҳр ва эътибор билан қараган. Бугунги кунда наср йўналишида ўз услубига эга ёзувчи ва драматурглар талайгина. Бу адибларнинг ҳар бири ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан адабиёт намояндаларига катта эътибор бериляпти. Айни пайтда юртимизда адабиёт аҳлига қаратилаётган эътибордан, эъзоздан кўнглим тоғдек кўтарилади. Қолаверса, ота-онам хотираси учун қилишим керак бўлган ишлар кўп. Уй-музей очилса, олдинда мени анча ишлар кутиб турибди. Худо хоҳласа, барча ўйлаган ишларим амалга ошади, деб умид қиламан.

Биз Twitterда