Шавкат Мирзиёев: Жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентга қилган Мурожаатномасида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасининг кенг нишонланишига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
 

Беҳбудий каби буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий, маънавий ва маърифий меросини чуқур ўрганиш ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда муҳим омил бўлади.
Айни кунларда Самарқандда аллома таваллуд куни муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳафталиги” ўтказилмоқда. 
p.s: Ёзувчи, жамоат арбоби ва ўзбек драматургияси асосчиси, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бўлган Махмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 20 январда Самарқанд шаҳрида муфтийлар оиласида дунёга келган. 
Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари билан бирга у сиёсатни ҳам ўрганган. Газета ва журналлар орқали дунёда содир бўлаётган янгиликлар билан танишиб борган. Макка, Миср ҳамда Истанбулга бўлган саёҳатлари унинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборган. У газета ва журналлар билан ҳамкорликни ўрнатиб, ўз мақолаларини чоп эта бошлади, уларда мароифни ривожлантириш масалаларини кўтарар эди.
Беҳбудий “Ойна” газетаси асосчиси, муҳаррир Исмоил Гаспринскийнинг “Таржумон” газетасини доимий муаллифи бўлган. Унинг ёзувчилик пойдевори нуқтаси 1911 йил Самарқандда ёзилган “Падаркуш” драмаси саналади. Унда ёш авлод маълумотли ва маданиятли бўлиши кераклиги келтирилган. Драма илк бор 1912 йил “Турон” газетасида босиб чиқарилган, 1913 йилда эса алоҳида китоб кўринишида нашр этилган.

Биз Twitterда