Ўз ҳуқуқини билган панд емайди. Тадбикор ўзига етказилган маънавий зарарни мансабдор шахсдан ундириб олди

Наманган шаҳрида фаолият юритувчи “Texno analit test” хусусий корхонаси раҳбари У.Ҳабибуллаевнинг Наманган темир йўл вокзали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Наманган вилояти Адлия бошқармасига йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида У.Ҳабибуллаев ходими Р.Сулайманов учун Бухоро-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган поездга корпоратив банк картаси орқали чипта олмоқчи бўлиб, Наманган темир йўл вокзалига мурожаат этганида, вокзал кассири Ю.Валиханова ва вокзал бошлиғи А.Аббасов томонидан корпоратив пластик карточкасига чипта сотиш асоссиз равишда рад этилганлиги аниқланди.
 
 
Шунингдек, тадбиркор томонидан корпоратив банк картасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ишончномани тақдим этса ҳам, Ю.Валиханова ва А.Аббасовлар корпоратив пластик карточкага чипта олиш учун ёзма равишда мурожаат қилиниши ҳамда томонлар ўртасида шартнома тузиши лозимлигини таъкидлаб, хусусий корхона раҳбарини уч кун мобайнида сарсон қилган.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят Адлия бошқармаси томонидан “O‘ztemiryo‘lovchi” АЖ Фарғона филиалига қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди, шунингдек, У.Ҳабибуллаевга етказилган маънавий зарарни Наманган темир йўл вокзали раҳбари А.Аббасовдан ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Ушбу таъсир чора асосида суднинг қарори билан У.Ҳабибуллаев фойдасига етказилган 700.000 сўм маънавий зарарни ундириш белгиланди.
Дилмурод АҲМЕДОВ

Биз Twitterда