Зулайҳо Маҳкамова Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди

Бугун Тўрақўрғон туманида бўлиб ўтган туман фаоллари йиғилишида ташкилий масала кўрилди. Туман ҳокими бўлиб ишлаб келган Муродхўжаев Ғуломжон Собитхўжаевич бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди ва ўрнига Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Маҳкамова Зулайҳо Баҳриддиновна вилоят ҳокимининг қарори билан Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. Вилоят ҳокимининг ушбу қарори халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Йиғилишда Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этдилар.
Зулайҳо Маҳкамова 1968 йили Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. Наманган давлат педагогика институтини, Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Янгиқўрғон туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси сифатида бошлаган, 1998 йилга қадар халқ таълими соҳасида турли лавозимларда меҳнат қилган. 1998-2011 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокимининг оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида, сўнгра Фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси Янгиқўрғон туман вакиллиги, Фермерлар уюшмаси Янгиқўрғон тумани фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш маркази директори, Янгиқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 2011-2017 йилларда Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, 2017-2018 йилларда вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.
Зулайҳо Маҳкамова 2018 йил 24 апрелдан Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди. 
Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Биз Twitterда