Ўзбекистон Президенти "Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун" халқаро мукофотига сазовор бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий дунё ёзувчилари, зиёлилари ва санъаткорлари жамғармаси (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı –TURKSAV) томонидан таъсис этилган “Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” халқаро мукофотига сазовор бўлди.
 
 
Бу ҳақда ТУРКСАВнинг Анқарада ўтказилган махсус матбуот анжуманида маълум қилинди.
Мукофот соҳибининг исми-шарифи ТУРКСАВ ҳайъати коллегиал қўмитаси томонидан Туркия ва хорижий давлатларнинг таниқли сиёсатчилари, иқтисодчилари, фан ва санъат намоёндаларининг 2019 йилдаги фаолиятини ўрганиш натижалари асосида эълон қилинди.
ТУРКСАВ мукофотини топшириш маросими 2020 йил май ойида Анқарада Туркия парламенти, ҳукумати, кенг жамоатчилиги, ишбилармон доиралари ва санъат арбоблари иштирокида тантанали тарзда ўтказилиши режалаштирилган.
Мукофотга турли йилларда Туркия Президенти С.Демирел, Озарбайжон Президенти Ҳ.Алиев, Қозоғистон Президенти Н.Назарбоев ва бошқалар сазовор бўлган.

Биз Twitterда