Ўзбекистонда шажарани аниқлайдиган экспертиза тури жорий этилади

Ўзбекистонда Y-хромосома орқали инсонларнинг генетик келиб чиқишини, шажарани аниқловчи янги экспертиза тури жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Республика суд экспертиза марказининг лаборатория мудири Дилобар Аҳмедова 5 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
 
 
“Ўзбекистон президентининг 4125-сонли қарорига асосан марказимизда пулли хизматлар сони кўпайтирилмоқда. Жумладан, Y-хромосома орқали генетик келиб чиқиш тадқиқотларини йўлга қўйиш режалаштириляпти. Бу борада лабораториямизда нафақат пулли хизматлар кўрсатамиз, балки экспертиза жараёнида ҳам Y-хромосомалар орқали кўп жиноятларни очишда ёрдам берамиз.
Y-хромосома бу одатда эркак жинсидаги шахсларда ота авлоддан наслдан наслга ўтадиган генетик белги ҳисобланади ва у ота авлод бўйича ўтиб боради. Умуман, ДНК шундай моддаки, у нафақат одамнинг шахсини, қариндошлигини, балки унинг келиб чиқишини, ҳаёти давомида мавжуд бўлган касаллиги ҳақида маълумотлар олиш имкониятини берувчи модда ҳисобланади. Шу тадқиқотлар йўли орқали бизга мурожаат қилган фуқароларнинг ота авлод бўйича келиб чиқиши кимларга бориб тақалишини аниқлашимиз мумкин”,- дейди. 

Биз Twitterда