Юртимизда автобус қатновларини яхшилаш учун 840 миллиард сўм йўналтирилади

Article
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли “Шаҳар ва қишлоқларда аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш ва автобус қатновларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бўйича маълумот тақдим этди.
Қабул қилинган қарор республиканинг шаҳар ва қишлоқларида автотранспорт таъминотини ривожлантириш даражасини янада ошириш, биринчи навбатда қишлоқ жойларда иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этилишини таъминлашда автотранспорт хизмати соҳаси ролини кучайтириш, йўловчиларни ташишда хавфсизликни оширишга қаратилган.
Республика аҳолисининг автобусларда ташишларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида келгуси 5 йил мобайнида (2017-2021 йиллар) 303 та йўловчилар йўналишлари очилади, шулардан 240 таси қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишлар. 
2021 йилнинг якунига қадар - Сотиб олинган автобуслар сони 2912 тага етади, шундан шаҳар ва шаҳар атрофига қатновчи 2686 та, шаҳарлараро йўналишда ҳаракатланувчи 226 та автобус хизмат кўрсатишга бошлайди, янги 5700 та микроавтобус олинади, жами 74 та автовокзал ва автостанциялар қурилади ва реконструкция қилинади.
Дастурнинг молиялаштирилишига 840 млрд. сўм йўналтирилади. Бу асосан, “Ўзавтосаноат – лизинг” компанияси ва бошқа лизинг компанияларининг ресурслари, банк кредитлари, ҳусусий инвесторларнинг шаҳсий маблағлари ҳамда маҳаллий бюджетларнинг маблағларидир, дейилади маълумотда.

Биз Twitterда