Ўзбекни билмаган Ўзбекистонни англолмайди!

Article
...Тасаввур қилинг, янги рўзғор қилиб, алоҳида ҳовлига кўчиб чиққан ёш оилани. Мустақил бўлиб чиққани билан, энди барча ташвишлар ёш оиланинг бошлиғи зиммасига ўтади. Икки-уч хона уйни сувоқдан чиқариб, гарбил тахтадан дарвоза ясаб қўйилган ҳовлини эпақага солиш керак бўлади. Ошхона, ҳаммом дейсизми, яна қўшимча уй солиш керак, меҳмонхона дегандай. Уйни олдига бетон қуйиш керак, сўрток қилиш зарурияти пайдо бўлади. Янги дарвоза фалон пул, ётоқхонага тўйда олинган мебел эскирибди, янгисини буюртма қилиш керак. Ошна-оғайни машина оляпти, секин янги автомобил учун жамғармани бошлаш керак.
Бу орада болалар кўпайиб боради, катталари мактабда, кичиги боғчада. Кийим-кечак, китоб-дафтар дегандай, қўшимча харажатлар дафтари очилади. Ота-она эканда, болаларимиз – бизнинг келажагимиз, эртамизнинг кафолати деб, топган-тутганини уларга сарфлайди, яхши едириб-ичириб, илигини мустаҳкам қилишга интилади.
Болалар эрта-индин бўйга етиб қолади, эшигимдан совчи келишга бошлайди, деган ўй билан ота-она қизига сеп тайёрлашни ҳам унутмайди. Ўғил эса ҳали иштон кийишни ҳам унутиб, кўча чангитганда, отанинг дилида ўғли учун участка олиб, бетонини қуйиб қўйиш фикри бўлади, уйнинг тўсини чиқар балки, деб, терак экади қатор.
Хўш, ҳалол яшаб, ўз имкониятларидан келиб чиқиб кун кўраётган оила бу харажатлар учун нима қилади? Албаттаки, ҳисоб-китоб билан турмушни режалаштиради. Бой қўшниси харид қилган нарсани харид қилишга интилмайди. Кўрпасига қараб оёқ узатади. Барча харакатлар замирида фарзандларни вояга етказиб, ўқитиш, яхши ишга жойланишини таъминлаш, уйлаб-жойлаш, уларнинг камолини кўриш ётади. Бу жараёнда керак бўлса камроқ ейди ота-она, камроқ ухлайди, кўпроқ меҳнат қилади.
Қўшимча даромад манбаларига эга бўлиш учун оилавий тадбиркорлик йўлларини қидиради. Деҳқончилик қилади, уйидан чиққан мева-чеванинг сарасини бозорга олиб чиқади.
Энди савол, нима, бу оила билмайдими, топганини ўша куни еб, маишатда кун ўтказишни? Билади, албатта, лекин, бу ота-онанинг олдида улкан мақсад, орзу-умид бор: Фарзандларимиз биздан яхшироқ яшасин, деган.
Бугунги кунда ўзбек жамиятини, мустақил Ўзбекистонимизни ана шундай ёш оилага қиёслаш мумкин. Йигирма беш йил давлатчилик даври тарих учун жуда қисқа оралиқдир. Айнан, ана шу оила каби, миллийликнинг, ўзликнинг хусусиятларидан келиб чиқиб ўзига мақсад ва вазифалар белгилаб олган давлатимизнинг асосий ғояси – келажак авлодга кучли, қудратли, бой жамиятни, мамлакатни қолдиришдир. Бу улуғ ниятни қабул қилмаган, менинг келажак билан нима ишим бор дейдиганлар биздан эмасдирлар, буни билсинлар!
Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга берилаётган улкан эътибор, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида буюк келажакнинг, ёрқин эртанги куннинг мустаҳкам пойдевори қўйилмоқда!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда