Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 25 йил олдин тўхтаган авиақатнов қайта тикланди

Article
Бугун Душанбедан учган самолёт Тошкентга келиб қўнди. Бу 25 йил ичида Тожикистондан Ўзбекистонга келган биринчи самолётдир. Илк синов ташрифи чоғида расмий делегация, журналистлар ҳамда биринчи рейс учун аввалдан чипта олиб қўйган 14 оддий йўловчи Тошкентга келдилар. 20 февралдан бошлаб мунтазам қатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Somon Air матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Somon Air делегацияси вакиллари Тошкент аэропорти раҳбарияти, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясидаги ҳамкасблари билан музокаралар ўтказишади. Қишки мавсум якунига қадар рейслар ҳафтасига бир марта — душанба кунларида, ёзги парвозлар жадвалида ҳафталик рейслар сони биттага кўпайиб, душанбадан ташқари, пайшанба куни ҳам қатнов амалга оширилади” – дейилади хабарда.
 Маълумот учун, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда, қўшни давлатда юзага келган нотинч вазият туфайли тўхтатилган эди.

Биз Twitterда